Моуринио Браим Диасни «Реал»нинг асосий футболчиларидан бири деб ҳисобламаяпти
Марокашлик ҳужумчи трансфер учун қурбон қилиниши мумкин.
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуринио ҳужумчи Браим Диаснинг жамоадаги ўрнига юқори баҳо бермаяпти. Бу ҳақда журналист Мигел Серрано маълумотига таяниб, Le Journal du Real хабар берди.
Манбага кўра, португалиялик мутахассис марокашлик футболчини жамоа иерархиясида 14 ёки 15-ўринга қўяди.
Қайд этилишича, Моуринио Браим Диаснинг трансферига қарши эмас. Агар футболчининг сотилиши бошқа трансферларни молиялаштиришга ёрдам берса, клуб унинг кетишига рухсат бериши мумкин.
Аввалроқ Мигел Серрано Моуринио ҳимоячилар Алваро Каррерас ва Раул Асенсиога ҳам асосий режаларида ўрин бермаётганини маълум қилган эди.
2025/26 йилги мавсумда Браим Диас барча мусобақаларда 42 та учрашувда иштирок этиб, 2 та гол урди ва 9 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Футболчининг «Реал» билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади. Тransfermarkt портали унинг бозор қийматини 35 миллион еврога баҳоламоқда.