Бугун
36
Ўзбек

Миржалол Қосимов: «Муҳими — 3 очкога эга бўлдик»

Футбол
3 сентябр, 16:11
ОКМК бош мураббийи «Хоразм» устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Миржалол Қосимов: «Муҳими — 3 очкога эга бўлдик»
Foto: FK OKMK
03.09.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси OKMK OKMK 1 : 0 Хоразм Хоразм

ОКМК клуби Суперлига 20-турида ўз майдонида «Хоразм»ни (1:0) қабул қилиб, ягона гол эвазига муҳим уч очкони қўлга киритди.

Оғир кечган беллашувдан сўнг олмалиқликлар устози Миржалол Қосимов матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдирди:

— Муҳими, 3 очкога эга бўлдик. Томошабоп ўйин бўлди. Бундан олдинги учрашувларда ҳам мухлисларга ёқадиган ўйинлар кўрсатаётгандик. Фақат гол уришда оқсаётгандик. Бугун Худога шукрки, 5-6 та 100 фоизли имкониятларимиздан биридан фойдаландик. Ўша гап: яратилаётган вазиятлардан фойдалана олмаяпмиз. Иккинчи бўлимда менимча Азизни ўзида учта 100 фоизли имконият бўлганди. Нодирда ҳам, Асадда ҳам қулай вазиятлар юзага келганди. Бундай нарсаларни кечириш керак эмас. Ишлаяпмиз, тушунтиряпмиз. Худо хоҳласа, бу ёғига тўғри хулоса чиқаришиб, кейинги ўйинларда янада кўпроқ голлар кўрамиз, деган умиддаман. «Хоразм»га кейинги ўйинларда омад тилайман.

ОКМК охирги учта учрашувда ҳужумкор футбол намойиш этишига қарамасдан гол ура олмаётганди. Бу ўйинчиларни руҳиятига қанчалик салбий таъсир кўрсатди? Ҳатто бугун ҳам гарчи ютган бўлса-да, кўплаб яққол голли вазиятлардан фойдалана олишмади.

— Фақат учта эмас. Масалан, «Насаф» билан баҳсда рақиб посбони Неъматов жамоасини муқаррар голлардан қутқарди. Кўп ҳужумлар бўляпти. Руҳан таъсир қилганида бундай имкониятлар бўлмасди. Барибир ҳаракат қилавериш керак. Нафақат бизнинг футболда, балки жаҳон футболида ҳам мана шундай яққол имкониятлардан гол ура олмасликларини кўп кўрамиз. Тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз, ишлаяпмиз. Қолгани футболчиларнинг индивидуал ўзларига боғлиқ. Бу ҳам ўзига яраша тажриба. Шундан тўғри хулоса чиқариб, тўғри фойдаланишади, деб ўйлайман. Лекин гол — кўпчиликнинг меҳнати. Ҳужумчилар шунақа вазиятларни голга айлантира олишмаса, қарши ҳужумларда ўтказиб юбориш ҳам ҳеч гап эмас-да. Футболчилар тўғри тушунишяпти, ҳаракат ҳам қилишяпти, ишлашяпти. Бу ёғига унумли фойдаланишади, деб умид қиламан, - дея Миржалол Қўшоқовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • OKMK OKMK
  • Хоразм Хоразм
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар