«Интер Майами» ҳужумчиси Лионел Месси келаси ҳафта Испанияга йўл олади. Бу ҳақда ESPN хабар берди.
Аргентиналик футболчи 2026 йил учун спорт соҳасидаги Астурия маликаси мукофотини қабул қилиб олиш маросимида иштирок этади. Ушбу мукофот Мессига июн ойида берилганди.
Ҳакамлар ҳайъати футболчининг спортдаги ютуқлари, шунингдек, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болаларнинг таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган хайрия ишларини эътироф этган. Тақдирлаш маросими 22 октябр куни Испаниянинг Овиедо шаҳрида бўлиб ўтади.
Қайд этиш лозим, 24 октябр куни «Интер Майами» MLS доирасида сафарда «Ню-Йорк Ред Буллз»га қарши баҳс олиб боради. Жамоа мураббийлари Месси ушбу учрашувга қадар қайтиб келишини ва майдонга тушишини кутмоқда.
Маълумот ўрнида, Астурия маликаси мукофоти адабиёт, ижтимоий фанлар, илмий-техник тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик ва спорт каби соҳалардаги алоҳида ютуқлари учун шахслар ҳамда ташкилотларга берилади.
Аввалроқ Мессининг Аргентина миллий жамоаси сафидаги хайрлашув учрашувини ўтказгани ҳақида хабар берилганди.