«Манчестер Юнайтед» собиқ ҳужумчиси Антони Марсиал фаолиятини Россия чемпионатида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда L'Équipe хабар берди.
30 ёшли франциялик футболчи билан ЦСКА ва «Краснодар» музокара олиб бормоқда. Ҳар икки клуб ҳам ҳужумчини ўз сафига қўшиб олишга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Бироқ Марсиал учун курашда Россия клубларининг рақобатчилари ҳам бор. Франциялик футболчига Испаниянинг «Малага» клуби ва номи ошкор қилинмаган яна бир жамоа қизиқиш билдирмоқда.
Маълумот ўрнида, Марсиалнинг сўнгги клуби Мексиканинг «Монтеррей» жамоаси бўлган. У 2025 йил сентябр ойидан 2026 йил июл ойига қадар ушбу клуб шарафини ҳимоя қилган.
Ҳужумчи «Монтеррей» сафида барча мусобақалар доирасида жами 20 та учрашувда майдонга тушиб, 1 марта гол урди ва 3 та ассист амалга оширди. Энди футболчи фаолиятини қаерда давом эттириши борасида қарор қабул қилиши кутилмоқда.