Аргентина прокуратураси Диего Марадонанинг ўлими олдидан унга тиббий ёрдам кўрсатган шифокорларни 12 йилгача озодликдан маҳрум этишни талаб қилди. Айблов томони тиббий жамоа тартибсиз ишлагани ва беморга зарур даражада парвариш кўрсатмаганини таъкидламоқда. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
2026 йил апрел ойидан буён Марадонанинг ўлими билан боғлиқ иш доирасида 7 нафар тиббиёт ходими судланмоқда. Афсонавий футболчи 2020 йил 25 ноябр куни бош миясидаги қон лахтасини олиб ташлаш бўйича ўтказилган операциядан кейин тикланаётган пайтда вафот этган.
Айбланувчилар орасида футболчининг шахсий шифокори Леополдо Лукке, психиатр, психолог, ҳамширалар ва тиббий ёрдамни мувофиқлаштирувчи мутахассислар бор. Улар тиббий ёрдам кўрсатишда жиддий қоидабузарликларга йўл қўйганликда айбланмоқда. Барча айбланувчилар ўз айбини инкор этмоқда.
Якуний нутқи давомида прокурор Патрисио Феррари тиббий жамоа ишининг «тартибсиз ташкил этилгани» Марадонага ёрдамсиз ҳолатда қолишига сабаб бўлганини, амалда уни ўз ҳолига ташлаб қўйишганини билдирди.
Прокурорнинг таъкидлашича, тиббиёт ходимлари «ўз вазифаларини бузган ва бажаришлари шарт бўлган барча чораларни кўрмаган».
Прокуратура энг оғир жазони Марадонанинг шахсий шифокори Леополдо Лукке учун сўради — уни 12 йилга озодликдан маҳрум этиш талаб қилинди. Қолган тиббиёт ходимлари учун эса 4 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси сўралди.
Марадонанинг шифокорларига 12 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин
Футбол
9 октябр, 01:39
Прокурор 7 шифокорни афсонавий футболчининг ўлимида айблаб, уларни озодликдан маҳрум этишни талаб қилди.
Foto: Getty Images