Журналист ва инсайдер Фабрицио Романо Маурисио Почеттинонинг «Манчестер Юнайтед» бош мураббийлигига тайинланиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, клуб аргентиналик мутахассисни юқори баҳолайди ва у номзодлар қаторидан жой олган.
«Почеттино «Манчестер Юнайтед» талабларига бир қатор жиҳатлар бўйича мос келади. Унда халқаро тажриба ва бошқа муҳим фазилатлар бор. Клубда уни жуда қадрлашади, шу сабабли у, шубҳасиз, номзодлар қаторида. Мураббийнинг ўзи ҳам ушбу таклифни кўриб чиқишга тайёр.
Ҳозир асосий масала — «Манчестер Юнайтед» унга ишонч билдиришга ва бош мураббий этиб тайинлашга қарор қиладими ёки йўқми. Унинг вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Почеттино шартномасида товон пули белгиланган ва «МЮ» унинг трансфери қанча туришини билади.
Энди клуб эгалари, директорлар ва ушбу жараёнда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг позициясини ҳисобга олган ҳолда қандай қарор қабул қилинишини кутиш керак. Аммо Почеттино номзоди, албатта, кўриб чиқилиши лозим», — деди Романо ижтимоий тармоқдаги видеосида.
Маълумот учун, Почеттинонинг АҚШ футбол федерацияси билан шартномасида 10 миллион доллар миқдорида товон пули белгиланган. «МЮ» аргентиналик мутахассисни тайинлаш учун ушбу маблағни тўлаши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Юнайтед» ҳозирча Майкл Кэррикни расман истеъфога чиқаргани йўқ. Жамоа Англия Премер-лигасининг дастлабки 10 турида бир марта ғалаба қозонган ва 8 очко билан 18-ўринда бормоқда.