Гана футбол ассоциацияси Карлуш Кейрушни миллий жамоа бош мураббийи этиб тайинлади.
Португалиялик 73 ёшли мутахассис Африка жамоасини шу йил ёзидаги Жаҳон чемпионатида бошқаради.
Бунгача Кейруш Португалия, Қатар, Эрон, Миср, Колумбия, ЖАР ва Ўмон жамоаларида бош мураббий бўлган. Клублар миқёсида эса «Реал» ва «Спортинг»ни бошқарган, шунингдек, «Манчестер Юнайтед»да Алекс Фергюсонга ассистентлик қилган.
Гана ЖЧ-2026да Англия, Хорватия ва Панама билан бир гуруҳдан ўрин олган. Турнир 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.