ФИФА президенти Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлаган машҳур футболчилар сафи кенгайди. Жанубий Америкадан бразилиялик Кафу ва Роберто Карлос, шунингдек, аргентиналик Хавер Занетти ташкилот раҳбари ҳақида ижобий фикр билдирди.
Кафу ва Занетти ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бир хил мазмундаги баёнотни эълон қилиб, ФИФА ва унинг президенти сўнгги ўн йил давомида футболчиларнинг футбол оламидаги вакиллигини таъминлаш борасида катта ишларни амалга оширганини таъкидлади.
«Сўнгги ўн йил давомида ФИФА ва президент Инфантинонинг футболчиларнинг футбол оламидаги вакиллигини таъминлаш борасида амалга оширган ишларига гувоҳ бўлдик. Илгари бундай ҳолат мавжуд эмас эди», — дейилади баёнотда.
Маълумот учун, Роберто Карлос Кафунинг ушбу постини ўз саҳифасида улашиб, собиқ миллий жамоадоши ва «сардор» деб атаган футболчининг фикрига юз фоиз қўшилишини билдирган.