Суперлигада 19-турга старт берилди. Бугун Фарғонада амалдаги чемпион – «Нефтчи» «Сўғдиёна» жамоасини қабул қилди.
Учрашувда катта устунликка эришган майдон эгалари буни таблода ҳам акс эттиришди ва 3:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритдилар. Фарғоналиклар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида қуйидагиларни айтди:
- Бу ғалабамизни биринчи навбатда кеча Муҳтарам Президентимиз томонидан вилоятимиз ҳокими Хайрулла Хайитбаевич фидокорона меҳнатлари учун орден билан тақдирланди ва шу инсонга бағишлаймиз. Фарғона футбол ривожи учун жуда катта ишларни амалга оширяпти. Кеча футболчилар билан гаплашиб, жамоа ва Фарғона футболи учун жуда катта меҳнат қилаётган ушбу инсонга ғалабамиз билан кичик туҳфа қилишни келишиб олгандик. Йигитларга раҳмат, вадаларини устидан чиқишди. Ишончли ғалабага эришдик. Биринчи тайм ва иккинчи таймни 20-дақиқасигача интенсив тезкор футбол намойиш этдик. Бу ўйинни ушлаб қолишни ўзи қийин нарса. 20-дақиқагача жуда кўплаб ҳужумлар уюштирдик ва имкониятлар яратдик. Аммо вазиятларимиздан фойдалана олмадик, кейингисидан фойдаландик. Доимий равишда интенсив ва ҳужумкор ўйнайдиган бўлсак, бу яратилаётган имкониятлардан фойдаланишимиз керак. Бу бўйича биринчи таймдан кейин ҳам ўйинчиларга кўрсатма бердик. Мухлислар ўйин сифатини кўрмоқчи бўлсалар, бунинг ягона ечими тезлик. Иккала жамоа тез ҳаракат қилгандагина ўйин сифати ошади. Чунки секин футбол автоматик равишда ўйинни секинлаштиради. Ишқибозларга ёқмаслиги аниқ. Ўйин тезлашганида футболчилар катта куч йўқотишяпти. Бир футболчи керак бўлса 60-70 метр масофа босиб ўтяпти. Бунақа ҳолатни ўйин давомида доим қайтаришимиз ва қарши ҳужумларни ўтказиб юбормаслигимиз учун жуда катта меҳнат талаб қилинади. Ўйинчилар буни аста-секинлик билан тушуниб боришяпти. Ўйлайманки, биринчи таймни 20 дақиқаси ва иккинчи таймни 15-20 дақиқасида мавсумдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик. Айниқса, ҳужумга ўтиш фазаларида катта тезликда ҳаракат қилишди. Шуни ҳисобига кўп имкониятлар яратдик. Ўйиндан кўнглим тўлди, тўлиқ назорат қилдик. Рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмадик.
- Дориевга алоҳида ўйинчи бириктирилганмиди?
- Йўқ, биз айнан қайсидир футболчига персонал ўйинчи қўймаймиз. Бундан йироқмиз. Дориевни ўрганиб чиққандик ва «Сўғдиёна» билан ўйнаганимизга ҳали ҳеч қанча бўлгани йўқ. Ўтган сафар ҳам Дориевни зарарсизлантиргандик. Чунки «Сўғдиёна»ни ўйини асосан Дориевни атрофида қурилган. Кўп голга ассист беради, ўзи ҳам кўп гол уради. Шуни ҳисобига қачонки у тўпни қабул қилганида атрофида уч нафар ўйинчи бўлишини таъминладик. Қанотдаги ўйинчиларимиз кўрсатмаларни аъло даражада бажарди. Дориевни тўлиқ зарарсизлантира олдик, унга ҳеч қандай имконият қолдирмадик.
- Жароҳатланган футболчилар «Пахтакор» билан ўйингача тиклана олишадими?
- Бу оғриқли савол. Осон бўлмаяпти, етакчи ўйинчиларимиз йўқ. Тезроқ қайтишларини кутяпмиз. Катта эҳтимол билан қийин ҳолат. Шифокорлар, мутахассислар максимал равишда уларни тезроқ жамоага қайтариш учун ишлашяпти. «Пахтакор» билан учрашувгача тезроқ сафга қайтишларига умид қилиб қоламиз. Ўйин услубимиз шаклланиб бораётган пайтда футболчини жароҳати ўйин тизгинини издан чиқариши мумкин. Шунга қарамасдан қолган футболчилар ҳам жуда катта ҳажмдаги ишни бажаришяпти. Таркибимиздаги ўйинчилар йўқлигини билинтиришмаяпти.
- Жамоа қанотлардан кўпроқ ҳужумлар қиляпти. Бу сизни тактикангизми ёки рақибдан келиб чиқиб шундай йўл тутиляптими?
- Ўзи қанотдан ҳужум қилиш тарафдори эмасман. Машғулотларда ҳам, ўйинга бериладиган кўрсатмаларда ҳам камроқ қанотлардан ҳужум қилишни айтамиз. Мақсадимиз тезроқ дарвозага йўл топиш ва унга олиб борадиган йўлларни қидириш. Кўп жамоалар бизга қарши учрашувларда чуқур ҳимояланишмоқда. Керак бўлса, 10 киши бўлиб ҳимояланишяпти. Мана шундай пайтларда биз иложи йўқ қанотлардан ўйнашга мажбур бўляпмиз. Сабаби, рақибни жойидан қўзғатиш учун қанотлардан ҳужумлар қилишга тўғри келяпти. Агар қанотлардан узатмалар самарали бўлса бу ҳам аслида фойдамизга ишлайди. Афсуски, бу бўйича оқсаяпмиз. Машғулотларда бунга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз ва ўйлайманки, бу борада ҳам фаолликка эришамиз», - дея бош мураббийнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.