Live
1
Ўзбек

Шаҳбоз Эркинов: «Нефтчи»ни руҳий томондан оқсаяпти дейишмоқда, мен сира ҳам бундай деб ўйламайман»

Эксклюзив
23 август, 04:37
Эркинов Tribuna.uz учун 19-тур олдидан жамоаларнинг имкониятларини баҳолади.
Шаҳбоз Эркинов: «Нефтчи»ни руҳий томондан оқсаяпти дейишмоқда, мен сира ҳам бундай деб ўйламайман»
Фото: Андижон ПФК

Бугун Суперлигада 19-тур баҳсларига старт берилади. 8 та жуфтлик ўртасидаги беллашувлар 26 августга қадар давом эттирилади. Табиийки, марказий ўйинлар ва мухлислар интиқлик билан кутаётган учрашувлар бор.

Мухлисларнинг меҳрини қозонган собиқ футболчи Шаҳбоз Эркинов Tribuna.uz учун 19-тур олдидан жамоаларнинг имкониятларини баҳолади.

23 август
19:00. «Нефтчи» - «Сўғдиёна»

- 19-турдаги «Нефтчи» - «Сўғдиёна» ўйинини турнинг марказий учрашуви деб ҳисоблайман. «Динамо» - «Пахтакор» тўқнашуви ҳам яхши бўлади. Барибир «Нефтчи»ни биринчи ўринда бораётгани, охирги учрашувда ютқазиб қўйгани, «Сўғдиёна»ни кетма-кет 4 та турда ғалаба қозониб, максимал очко жамғариб бораётгани ўйинга эътиборни оширади. Бу учрашувни кузатиш жуда қизиқ.

«Нефтчи»ни фонида «Сўғдиёна» қандай кўринади, бу менга ҳам қизиқ. Кўпчилик фарғоналикларни «Бухоро»га йирик ҳисобда мағлубиятга учраганидан кейин руҳий томондан оқсаяпти деб айтишяпти. Мен сира ҳам бундай деб ўйламайман. Жамоа ўзига келиб олади, боз устига уйида мухлислари қаршисида ўйнашади.

«Нефтчи»да ўйнаётган футболчиларни сифати жуда баланд. Улар руҳий тушкунликка тушиб қоладиган йигитлар эмас. Уларнинг таркибида миллий жамоа футболчилари бор. «Сўғдиёна» жуда яхши кўтарилишда. Мен учун ҳам ушбу тўқнашувни кузатиш қизиқарли. Барибир «Нефтчи»ни имкониятини юқорироқ ҳисоблайман ва жиззахликлар яхши формада бўлгани билан менимча, мезбонлар уйида ғалаба қозонса керак.

24 август
19:00. «Қўқон-1912» - «Бухоро»

- Ўйлашимча, бу учрашувда дуранг бўлади. Ҳа, «Бухоро» юқори ўринларда боряпти. Совринли ўринларга курашишяпти. Охирги турда уйида «Нефтчи»ни ютишди. Қўқонликлар ҳам ўз майдонида таслим бўладиган жамоалардан эмас. Ҳаракат қилади. Ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган жамоа бор имкониятини ишга солади. Назаримда, кучлар тенг келади.

25 август
19:00. «Сурхон» - ОКМК

- Иккаласи ҳам ёш жамоа, ёш футболчилардан ташкил топган жамоалар. «Сурхон» ўтган турда «Пахтакор» майдонида дуранг ўйнаб қайтди ва нолга ўйнай олишини кўрсатди. Бу тўқнашувда ҳам менимча дуранг қайд этилса керак. Ҳаттоки, ОКМКни имкониятини бироз юқорироқ деб ўйлайман.

19:00. «Андижон» - «Хоразм»

- Бу тўқнашувда «Андижон»нинг имкониятини юқорироқ баҳолайман. Улар уйида ҳар доим мухлислари кўз ўнгида жуда яхши ўйин кўрсатган. «Хоразм» ҳам бўш келмаслиги аниқ. Бироқ «Андижон»нинг имкониятини юқорироқ ҳисоблайман.

20:00. «Динамо» - «Пахтакор»

- Мана бу ўйин жуда ҳам қизиқарли ўтади. Иккаласи ҳам чиройли, ҳужумкор, очиқ футбол ўйнайдиган клублар. Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинни кузатиш жуда қизиқ бўлади. «Пахтакор»нинг имкониятини юқорироқ баҳолайман. Сабаби, Вадим Абрамовни ёшлигимдан биламан. Ҳеч қачон ҳимоявий футбол ўйнамаган. «Пахтакор»да барибир савияси юқорироқ ўйинчилари кўпроқ.

26 август
19:00. «Локомотив» - «Бунёдкор»

- Тошкент дербиси. Бу ерда тажрибали жамоа барибир «Локомотив». «Бунёдкор» бугунги кунда ёш жамоа. Академиясидан чиқаётган кўп футболчилари ўйнаяпти. Бу эса «Бунёдкор»ни келажаги учун катта пойдевор бўляпти. Узоғи 3-4 йилда ўз ҳосилини беради. Лекин жамоани бугунги кундаги ҳолатидан келиб чиқсак, имконияти пастроқ. «Локомотив» барибир тажрибали жамоа. Ижобий натижага «Локо» эришса керак.

19:00. «Машъал» - «Навбаҳор»

- Ҳа, «Машъал» чўкяпти. Улар охирги ўриндан чиқишга ҳаракат қиляпти. Лекин «Навбаҳор»ни имконияти баланд. Чунки наманганликлар совринли учун курашаётган жамоа. Шу боис «Машъал»га нисбатан «Навбаҳор»ни имкониятини юқори баҳолайман.

20:00. «Қизилқум» - «Насаф»

- «Қизилқум» - «Насаф» ўйинида эскитдан ҳар доим, ўзимни амалиётимдан келиб чиқиб ҳам айтаманки, ҳар сафар шиддатли ўйин бўлган. «Насаф»ни имкониятини баландроқ баҳолайман.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар