Бугун Суперлиганинг 18-турига старт берилди. Марказий ўйин Бухорода бўлиб ўтди.
«Бухоро» клуби пешқадам «Нефтчи»ни қабул қилди. Ажойиб ўтган беллашувда мезбонлар амалдаги чемпионни 4:1 ҳисобида тор-мор келтирди. Мана шундай аламли мағлубиятдан кейин фарғоналиклар устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида қатнашди.
- Биринчи навбатда рақиб жамоани ғалаба билан табриклайман. Бу биз учун аламли мағлубият. Ҳимояда қўпол хатоларга йўл қўйдик. Қачондир бунақа ҳолат бўлиши керак эди. Афсуски, бугунга тўғри келди. Лекин жамоамиз бундай йирик ҳисобдаги мағлубиятга лойиқ эмасди.
- Асосий таркибнинг 5 нафар футболчиси йўқ эди. Бу қай даражада таъсир қилди, деб ўйлайсиз?
- Бу баҳона бўла олмайди. Сабаби, таркибимизда уларни ўрнини тўлдира оладиган футболчилар бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз бундай мағлубиятга учрамаслигимиз керак эди. Умуман, ўйинни оладиган бўлсак, «Бухоро» жамоаси қарши ҳужумларда ўйнади. Ҳатто, биринчи бўлимда ҳам ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Биргина хато, рақиб пенальтидан гол урди. Кейин ҳисобни тенглаштирдик. Иккинчи бўлимда ҳам яхши бошлашга ҳаракат қилгандик. Аммо оддий вазиятда хато, кейин бурчак тўпи ва шундан рақиб гол уриб кетди. Кейин учинчи ва тўртинчи голлар...Буларни ҳаммаси оддий хатолар, кулгули хатолар. Тўпни рақибга бериб қўйяпмиз ва рақиб гол уряпти. Ҳаммаси индивидуал хатолар деб биламан. Умуман олганда, ёмон ўйнамадик, деб ўйлайман.
- Бугунги йирик мағлубиятни кейинги ўйинларга таъсири борми? Руҳий жиҳатдан тайёрласа бўладими?
- Таркибимиздаги футболчилар профессионал. Бундай ҳолатдан тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Албатта, бугунги учрашувни таҳлил қилиб чиқамиз. Хатолар устида ишлаймиз. Камчиликларимизни тўғрилаб, кейинги беллашувда мухлисларимиз кўз ўнгида ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- «Бухоро»ни биринчи ва иккинчи даврадаги ўйинларини таққослайдиган бўлсангиз, қай тариқа хавфли ўйин кўрсата олишди?
- Биринчи даврада ҳам «Бухоро» жамоаси деярли шу услубда ўйнаганди. Ўшанда ҳам пенальтидан ҳисобни очганди. Иккинчи даврада ҳам яна пенальтидан ҳисобни очишди. Кўпроқ қарши ҳужумларга эътибор қаратишди ва узун паслар билан ўйнашга ҳаракат қилишди. Деярли ўйин услуби ўша. Ўша мураббий ишлаяпти ва ҳеч нима ўзгаргани йўқ», - дея бош мураббийнинг сўзларини келтиради, Tribuna.uz мухбири.
Ислом Исмоилов: «Қачондир бунақа ҳолат бўлиши керак эди»
Эксклюзив
18 август, 14:00
«Нефтчи» устози «Бухоро»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Фото: Нефтчи ПФК
18.08.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Бухоро
4
:
1
Нефтчи