Мадрид клуби бренди қиймати 2,398 млрд еврони ташкил этган. Football 50 рейтингидаги энг қиммат 50 клуб брендининг умумий қиймати эса рекорд даража — €23,9 млрдга етган.
2026 йилдаги энг қиммат 10 футбол бренди
«Реал Мадрид» учинчи йилдирки рейтингда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Испания клубидан кейин «Барселона» (€1,973 млрд) ва «Арсенал» (€1,536 млрд) жой олган.
Кучли ўнликка шунингдек «Бавария» (€1,515 млрд), «Пари Сен-Жермен» (€1,503 млрд), «Манчестер Сити» (€1,481 млрд), «Ливерпул» (€1,469 млрд), «Манчестер Юнайтед» (€1,438 млрд), «Челси» (€955 млн) ва «Боруссия Дортмунд» (€664 млн) кирган.
Топ-10 клубнинг умумий бренд қиймати €14,9 млрдни ташкил этади. Бу Football 50 рейтингидаги умумий қийматнинг 60 фоизидан ортиғини ташкил қилади.
«Реал Мадрид» бренд кучи индекси (BSI) бўйича ҳам биринчи ўринда. Клуб 100 баллдан 95,8 балл тўплаган. Бу кўрсаткич Brand Finance томонидан дунё бўйича таҳлил қилинган 281 клуб орасида энг юқори натижа бўлган.
«Арсенал» эса 22 йиллик танаффусдан кейин Англия чемпионлигини қўлга киритгач, бренд қийматини 28 фоизга оширди ва 94,0 балллик BSI натижаси билан «Манчестер Юнайтед»ни ортда қолдириб, Буюк Британиядаги энг кучли футбол брендига айланди.
Бренд қиймати энг кўп ошган ва пасайган клублар
Рейтингда бренд қиймати энг юқори суръатда ўсган клуб «Штутгарт» бўлди. Германия жамоасининг бренди деярли икки баробарга ошиб, 99 фоизлик ўсиш билан €183,5 млнга етган.
«Астон Вилла» эса Brand Finance томонидан 2026 йилда «кузатиш керак бўлган бренд» деб топилган. Клуб бренди қиймати 60 фоизга ўсиб, €483,5 млнни ташкил этган. Бунга жамоанинг қирқ йилдан ортиқ вақтдан кейин илк бор Чемпионлар лигасида иштирок этгани ҳам таъсир кўрсатган.
Топ-10 клуб орасида бренд қиймати пасайган ягона жамоа «Челси» бўлди — унинг кўрсаткичи 1 фоизга камайиб, €955 млнни ташкил этган.
Рейтингдаги барча клублар орасида энг катта тасдиқланган пасайиш эса «Ювентус»да қайд этилди. Италия клубининг бренд қиймати 17 фоизга тушиб, €419 млнга қолган.
Бренд қиймати бўйича мамлакатлар
Football 50 рейтингидаги клублар брендларининг умумий қиймати бўйича Англия катта устунликка эга. Унга рейтингдаги умумий бренд қийматининг 41,6 фоизи ва 50 клубдан 20 таси тўғри келади.
Кейинги ўринларда Испания — 23,0 фоиз ва 7 клуб, Германия — 15,1 фоиз ва 9 клуб, Италия — 8,3 фоиз ва 5 клуб, Франция — 6,8 фоиз ва 2 клуб, Португалия — 2,8 фоиз ва 3 клуб, Нидерландия — 1,3 фоиз ва 2 клуб ҳамда Бразилия — 1,0 фоиз ва 2 клуб жойлашган.
Лигаларнинг бренд кучи
Миллий футбол чемпионатлари орасида АПЛ дунёдаги энг кучли бренд мақомини сақлаб қолган. Англия чемпионати бренд кучи бўйича «Ла Лига», Бундеслига, А Серия ва Лига 1дан устун келган.
Brand Finance маълумотлари футболда клубнинг спортдаги натижаларигина эмас, балки унинг глобал танилиши, мухлислар базаси ва тижорий салоҳияти ҳам тобора катта иқтисодий қийматга эга бўлаётганини кўрсатади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади