UEFA Фоларин Балогун атрофидаги вазият бўйича баёнот берди.
АҚШ миллий жамоаси ҳужумчиси ЖЧ-2026 1/16 финалидан ўрин олган Босния ва Ҳерцеговинага (2:0) қарши ўйинда Тарик Муҳаремовичнинг тўпиқ қисмини босгани учун тўғридан тўғри қизил карточка олганди. Кейинчалик унинг бир ўйинлик дисквалификацияси бир йиллик синов муддати билан тўхтатиб қўйилди. Энди ҳужумчи 1/8 финалда Белгияга қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин.
Маълум қилинишича, АҚШ президенти Доналд Трамп қизил карточкадан кейин ҳам, дисквалификация тўхтатилгандан кейин ҳам FIFA президенти Жанни Инфантино билан икки марта қўнғироқлашган.
«Фоларин Балогунга кўрсатилган қизил карточкадан кейинги автоматик бир ўйинлик дисквалификацияни бир йиллик синов муддати билан тўхтатиб туриш ҳақидаги кечаги қарор чегарани бузди.
Футбол, ҳар қандай спорт тури каби, адолатли, шаффоф ва тенг рақобатнинг асоси бўлган қоидаларга таянади. Баъзан қоидалар турлича талқин қилиниши мумкин. Аммо бу ҳолатда бундай эмас.
Қизил карточкадан кейинги автоматик бир ўйинлик дисквалификацияни қўллаш ихтиёрий эмас ва ваколатли орган томонидан алоҳида қарор қабул қилишни талаб қилмайди. Бу регламентда мустаҳкамланган тамойил бўлиб, у истисноларга йўл қўймайди. Айниқса, турнир давом этаётган пайтда, қачонки бошқа бир қатор ўйинчилар ҳам худди шундай ҳолатларга тушиб, ўз дисквалификацияларини ўтаб бўлган пайтда.
Қоидаларнинг қатъийлиги таъминланмаса, ўйиннинг яхлитлиги хавф остида қолади ва мусобақага бўлган ишонч сусаяди. Шунингдек, бу қарор ҳозирги турнирда прецедент яратади, бундай ҳолатлар келгусида ҳам бир хил кўриб чиқилишини талаб қилади ва бу мусобақага зарар етказади.
Футбол — дунёдаги энг севимли спорт тури, чунки у — гўзал ўйин ва барча мамлакатларда бир хил қоидалар асосида ўйналгани учун унга ишонч бор. Ҳеч бир турнир мустақил ҳолат сифатида кўрилмаслиги керак ва Жаҳон чемпионати каби мусобақалар бутун футбол тизимига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Биз бундай ноодатий, тушунарсиз ва асоссиз қарор юзасидан ўз ишончсизлигимизни билдирамиз», — дейилади UEFA баёнотида.
«FIFA чегарани бузди. Қарор юзасидан ишончсизлигимизни билдирамиз» — UEFA Балогун иши бўйича баёнот берди
Футбол
6 июл, 09:25
Футбол бўйича Европанинг бош ташкилоти АҚШ ҳужумчисининг дисквалификациясини кечиктирган FIFA'га эътирозини билдирди.
Foto: Getty Images