«Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери Европа лигаси финали арафасида аввалги муваффақиятлари ҳақида гапиришни истамаслигини айтди.
Испаниялик мутахассис ҳозир бутун эътиборини «Астон Вилла» билан янги тарих ёзишга қаратганини таъкидлади.
«Мен бу турнирнинг қироли эмасман. Ҳозир «Астон Вилла» билан янги саҳифа ёзмоқдаман ва олдин қилган ишларим ўтмишда қолди. Эртага айнан шу футболчилар билан ғалаба қозонишимиз, «Астон Вилла» билан рақибни мағлуб этишимиз керак. Бу — янги йўл, янги давр ва умид қиламанки, янги эра», — деди Эмери.
Мураббий аввалги ютуқлар ҳақида ортиқча гапиришни истамаслигини ҳам қўшимча қилди.
«Олдин нималарга эришганимиз ҳақида кўп гапиришни хоҳламайман. Ушбу мавсум ва Конференциялар лигаси ҳамда Чемпионлар лигасидаги ўйинларимиз юқори даражада ўйнай олишимизни кўрсатди», — деди испаниялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Унаи Эмери мураббий сифатида Европа лигаси бош совринини тўрт марта қўлга киритган — уч бор «Севиля» билан, бир марта эса «Вилярреал» билан.
Маълумот учун, «Астон Вилла» – «Фрайбург» жамоалари ўртасидаги Европа лигаси финали бугун, 20 май куни соат 23:59 да бошланади.