«Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери Европа Лигаси финалидаги ғалабадан сўнг футболчиларига қўйган талабларини ошкор қилди.
Бирмингҳем клуби финалда Германиянинг «Фрайбург» жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор ушбу совринни қўлга киритди.
«Бу жуда муҳим ютуқ. Европа бизга кўп нарса берди ва шахсан мен учун еврокубоклар, айниқса Европа Лигаси доим катта аҳамиятга эга бўлган. Мен ишлаган барча клублардан миннатдорман — «Валенcия», «Севиля», «Вилярреал» ва бу ерда «Вилла»да ҳам.
Клуб эгалари ва футболчиларга раҳмат айтаман. Турнирга қандай руҳият билан ёндашганимиз ҳал қилувчи омил бўлди. Бу мавсум мусобақага жуда жиддий қарадик ва максимум даражада ҳаракат қилдик. Футболчилар ғалаба қозониш истагини намойиш этди — мен улардан айнан шуни талаб қилгандим. Ҳар бир футболчи майдонда етакчи бўлиши кераклигини айтдим ва улар бунинг уддасидан чиқди», — деди Эмери BBC'га берган интервюсида.
Эслатиб ўтамиз, финал баҳсида «Астон Вилла» сафида Юри Тилеманс, Эмилиано Буэндиа ва Морган Рожерс гол муаллифига айланди.
Маълумот учун, Унаи Эмери мураббийлик фаолияти давомида бешинчи бор Европа Лигаси бош совринини қўлга киритди.