Лондоннинг «Челси» клуби «Лос-Анжелес Гелакси»нинг 16 ёшли яримҳимоячиси Висенте Гарсия учун 3 миллион евро сарфлашга тайёр.
Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, клуб ёш иқтидор эгаси билан келишувни якунлашга жуда яқин турибди. Томонлар трансфернинг асосий шартларини келишиб улгурган ва Гарсия 2028 йил ёзида, 18 ёшга тўлганидан сўнг «Челси» сафига бориб қўшилади. Трансфер суммаси, самарадорлик учун берилиши мумкин бўлган бонусларни ҳисобга олмаганда, тахминан 3 миллион еврони ташкил этади.
2025 йил январида Висенте Гарсия 14 ёшу 198 кунлигида «Лос-Анжелес Гелакси» билан ўзининг илк профессионал шартномасини имзолаб, MLS тарихида асосий жамоа билан шартнома тузган бешинчи энг ёш футболчига айланганди. Яримҳимоячи АҚШ ва Мексика давлатлари фуқаролигига эга бўлиб, ҳар икки мамлакатнинг ёшлар жамоаларига чақирув олган. У 2026 йил август ойида «Лос-Анжелес Гелакси»нинг «Даллас»га қарши MLS ўйинида илк бор асосий жамоа қайдномасига киритилганди.
Ушбу мавсум футболчи кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун «Лос-Анжелес Гэлакси»нинг фарм-клуби «Вентура Каунти» сафида тўп тепмоқда. Жамоа сафида у 16 та ўйинда 3 та гол уриб, 4 та голли узатма етказиб беришга муваффақ бўлди.