«Бешиктош» «Манчестер Юнайтед» собиқ вингери Антони трансферини амалга оширишни режалаштирмоқда. Туркиянинг Fanatik нашри хабарига кўра, Истанбул клуби бразилиялик футболчини ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсадларидан бири сифатида кўрмоқда.
«Бешиктош» аввал Муҳаммад Салоҳни қўлга киритишга ҳаракат қилган, бироқ мисрлик футболчи «Трабзонспор»ни танлаган. Шу сабабли туркияликлар ҳужум чизиғига катта тажрибага эга футболчи олиб келишни истамоқда.
«Бетис»даги муваффақиятли мавсум
Антони 2022 йилда «Аякс»дан «Манчестер Юнайтед»га камида 95 миллион евро эвазига ўтиб, Амстердам клубининг ўша пайтдаги рекорд трансферига айланганди. Бироқ у Англияда кутилган натижани кўрсата олмади ва кейинчалик ижара асосида бошқа клубда тўп тепди.
Ўтган йили бразилиялик футболчи 22 миллион евро эвазига «Бетис»га доимий трансфер қилинган.
Антони Испаниядаги ўтган мавсумни самарали ўтказди. У барча турнирларда 14 та гол уриб, 10 та голли узатмани амалга оширди. Шунга қарамай, «Бетис» муносиб таклиф келган тақдирда футболчи билан хайрлашишга тайёр экани айтилмоқда.
«Бешиктош»га рақобатчилар бор
«Бешиктош» трансферни амалга оширишга жиддий қизиқиш билдираётган бўлса-да, Антони учун Европанинг кучли бешлик лигаларидаги бир нечта клублар ҳам курашмоқда. Испания матбуоти маълумотларига кўра, бир қатор жамоалар бразилиялик футболчининг ҳолатини кузатмоқда.
Маълумот учун, Антонининг ҳозирги бозор қиймати тахминан 40 миллион еврога баҳоланмоқда. Унинг «Бетис» билан шартномаси 2030 йил ёзигача амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, Антони «Манчестер Юнайтед» сафида 2022 йилдан 2025 йилгача тўп тепган.