«Бавария» президенти Ҳерберт Ҳайнер ва клуб бош директори Ян-Кристиан Дризен қишки трансфер ойнасида жамоа таркибини кучайтириш режалари ҳақида фикр билдирди.
Goal нашрининг хабар беришича, мюнхенликлар раҳбарияти ҳозирча янги футболчилар харид қилиш заруратини кўрмаяпти.
«Вазият биз кутгандек кечмади. Бироқ Диас сафга қайтмоқда, Дэвис икки ҳафтадан кейин тайёр бўлади, Гнабри ҳам аста-секин машғулотларга қайтяпти.
Шу сабабли қишки танаффусда қандайдир чора кўришимиз шарт деб ўйламайман», — деди Ҳайнер клубнинг йиллик умумий йиғилишида.
Шу билан бирга, президент зарурат туғилса, «Бавария» таркибни кучайтириш учун етарли имкониятга эга эканини таъкидлади.
Бош директор Ян-Кристиан Дризен ҳам ҳозирча қишки трансферлар режалаштирилмаётганини, аммо вазият тез ўзгариши мумкинлигини билдирди.
«Аввало, жароҳатланган футболчиларнинг қайтишини кутишимиз керак. Шундан кейин қишда қандай йўл тутишимизни ҳал қиламиз. Ҳозирча янги харидлар режамизда йўқ.
Ким ҳам рақиб футболчисининг мутлақо кераксиз ҳаракати туфайли Кейнни бир неча ойга йўқотишимизни тасаввур қилганди?
Шунинг учун ҳозирги вазиятни баҳолаш қийин. Одатда, бундай баёнотлар кейинчалик ўзингга қарши ишлайди», — деди Дризен.
Эслатиб ўтамиз, «Бавария» Бундеслиганинг дастлабки 10 туридан кейин 22 очко билан турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди.