«Барселона» клуби реконструкция ишлари туфайли вақтинча «Камп Ноу» стадионини тарк этади. Бу ҳақда ESPN хабар берди.
Манбага кўра, жамоа келаси мавсумда «Олимпик Люис Компанис» (Монжуик) стадионида уй учрашувларини ўтказади. «Барселона»нинг реконструкция қилинган «Камп Ноу»га қайтиши 2028 йил январ ойига режалаштирилган.
Клуб хазиначиси Ферран Оливе «Барселона» аъзоларининг умумий йиғилишида маълум қилишича, жамоа бу мавсумни асосий стадионида якунлайди. Бироқ кейинги мавсумни аллақачон «Люис Компанис» номидаги стадионда бошлайди.
«Камп Ноу»га қайтиш вақтига келиб, стадион трибуналари 95 минг томошабинни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Клуб раҳбарияти эса 2028/29 йилги мавсум олдидан сиғимни 105 минг ўринга етказишни режалаштирмоқда.
Реконструкция ишларидаги кечикишлар сабаб клуб аъзолари қўшимча 510 миллион евро маблағ ажратилишини маъқуллаган. Натижада стадионни реконструкция қилиш учун сарфланган умумий харажат қарийб 2 миллиард еврога етди.
Янгиланган «Камп Ноу» 2029 йилги Чемпионлар лигаси финалига мезбонлик қилади. Бу қарор аввалроқ УЕФА томонидан қабул қилинганди.