«Ливерпул» дарвозабони Георгий Мамардашвили мавсум якунида клубни тарк этиши мумкин. Бу ҳақда журналист Жеймс Пирс хабар берди.
«Қизиллар»нинг асосий дарвозабони ҳануз бразилиялик Алиссон бўлиб қолмоқда. Унинг амалдаги шартномаси келаси йил ёзида якунланади. Агар Алиссон шартномасини узайтирса ва жамоанинг асосий дарвозабони мақомини сақлаб қолса, Мамардашвили 2027 йил ёзида «қизиллар»да қолиши эҳтимоли паст.
Грузиялик дарвозабон кетма-кет учинчи мавсумни ҳам захирада ўтказишни истамаяпти. Шу боис клубдаги вазияти ўзгармаса, 25 ёшли футболчи фаолиятини бошқа жамоада давом эттириш вариантларини кўриб чиқиши мумкин.
Мамардашвили бу мавсумда «Ливерпул» сафида фақат бир марта майдонга тушди. У Англия Лига Кубогида «Тоттенҳэм»га қарши учрашувда (3:1) дарвозани қўриқлади.
Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 28 миллион еврони ташкил этади.