«Барселона» чап қанот ҳимоячиси Алехандро Балде жамоани тарк этишни режалаштирмаяпти.
Журналист Херард Ромеро хабарига кўра, каталонияликлар футболчининг трансфер вариантларини кўриб чиқишга тайёр. Клуб ушбу позицияга янги футболчи олиб келишни мўлжалламоқда.
Шунга қарамай, «Барселона» раҳбарияти ўз тарбияланувчисини мажбуран жамоадан кетказмоқчи эмас. Манбада айтилишича, Балде доимий ўйин амалиётисиз қолиш эҳтимолини тушуниб турибди, бироқ барибир клубини алмаштиришни истамаяпти.
22 ёшли футболчи ўтган мавсум Ҳанс-Дитер Флик бошқарувидаги жамоа сафида 42 та баҳсда майдонга тушиб, 3 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Эслатиб ўтамиз, Балде «Барселона» академияси тарбияланувчиларидан бири ҳисобланади.
Маълумот учун, Тransfermarkt портали футболчининг нархини 55 миллион еврога баҳоламоқда.