Узоқ кутилган Европа миллий чемпионатлари ўз иштирокларини бошламоқда. АПЛ, Ла Лигада янги мавсум старт олган. А Серия ҳам ўз юришини бошлайди. Tribuna.uz ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда ҳафта ўйинларини эътиборингизга ҳавола қилади.
Германия Суперкубоги
22 август (шанба)
БАВАРИЯ – БОРУССИЯ Д
Бошланиш вақти: 23:30
Германия Суперкубоги: ким совринни қўлга киритади?
Германия Суперкубогида «классикер»! «Бавария» ўтган йили совринни қўлга киритган бўлса, «Боруссия Д» 2019 йилдан буён ушбу совринни юта олмаяпти. Ўша йили дортмундликлар айнан «Бавария»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган эди.
Шундан кейин жамоалар Суперкубок учун яна икки марта тўқнаш келди ва ҳар икки сафар ҳам мюнхенликлар (2020 ва 2021 йилларда) ғалаба қозонди. Бу сафар ҳам «Бавария» финалга фаворит сифатида чиқади. Бироқ кўплаб футболчиларнинг ЖЧ-2026дан кейин узоқ вақт дам олганини ҳисобга олсак, «Боруссия»да совринни тортиб олиш учун яхши имконият бор. Қисқаси, мухлисларни жиддий баҳс кутмоқда.
АПЛ. 1-тур
23 август (якшанба)
НЮКАСЛ – ЛИВЕРПУЛ
Бошланиш вақти: 20:30
Ираоланинг «Ливерпул»даги расмий дебюти
«Ливерпул»да Андони Ираола даври бошланмоқда. Испаниялик мутахассис жамоа билан биринчи расмий учрашувиниёқ оғир меҳмонлик сафаридан бошлайди — «Нюкасл»га қарши.
«Сент-Жеймс Парк» Англиянинг энг шовқинли стадионларидан бири. Бу ерда мухлислар жуда фаол, баъзида эса ўта эҳтиросли қўллаб-қувватлайди. Шу боис «Ливерпул» учун рақибнинг ўзи билан бир қаторда икки томонлама босимни ҳам енгишга тўғри келади. Энг муҳими, 1-турда жамоа руҳий жиҳатдан «чўкиб қолмаслиги» керак.
Бироқ «Нюкасл»нинг ўзи ҳам осон даврни бошдан кечирмаяпти. Бир нечта етакчи футболчилар жамоани тарк этди, бош мураббий ҳам ўзгарди — Эдди Ҳау ўрнига Маттиас Яйссле тайинланди. Шунинг учун бу учрашувда ғолибни олдиндан тахмин қилиш жуда қийин. Хуллас, АПЛ ишқибозларини ажойиб ва мухлислар боп футбол кутмоқда.
Ла Лига. 2-тур
23 август (шанбадан якшанбага ўтар кечаси)
ЭСПАНЁЛ – РЕАЛ
Бошланиш вақти: 00:30
Моуринио «Реал»даги қайтишини ғалаба билан бошлайдими?
Жозе Моуринионинг Мадридга қайтди! Португалиялик мутахассис 13 йилдан сўнг «Реал» сафида биринчи расмий учрашувини ўтказади.
Таркибни жиддий кучайтирган мадридликлар Каталонияда «Эспанёл» меҳмони бўлади. «Барселона» билан чемпионлик учун курашиш нияти жиддий эканини исботлаш учун «Реал» ғалаба қозониши керак. Бу шунчаки уч очко эмас, балки ишончли ўйин ва сифатли футбол билан қўлга киритилган ғалаба бўлиши муҳим.
Янги футболчилар ҳали жамоага тўлиқ мослашиб улгурмаган. Мавсум давомида «қаймоқранглилар» янада кучаяди. Аммо ҳозироқ футболчилар Моуринионинг талабларини қабул қилгани ва унинг ғояларини тушунаётганини кўриш муҳим. Қисқаси, янги мавсумда Ла Лига янада ёнади. Айниқса, Жозе билан ҳаммаси янада қизиқарли кечишига шубҳа йўқ.
Ла Лига. 2-тур
24 августдан (якшанбадан душанбага ўтар кечаси)
ЭЛЧЕ – БАРСЕЛОНА
Бошьаниш вақти: 00:30
Родри «Барселона»да дебют қиладими?
«Барселона» ва «Реал» Ла Лигада мавсумни 2-турдан бошлайди. Каталонияликлар эса мавсумдаги биринчи учрашувини сафарда «Элче»га қарши ўтказади.
«Барселона»нинг унчалик кучли бўлмаган рақибга қарши очко йўқотиши кутилмаган натижа бўлади. Аммо учрашувнинг асосий интригаси — Родрининг майдонга тушиши.
2024 йилнинг энг яхши футболчиси илк бор «Барселона» футболкасида майдонга чиқадими? Агар дебют амалга ошса, каталонияликлар Родри билан бирга қандай кўриниш олади? Эҳтимол, якшанба куни бу саволларга жавоб оламиз.
АПЛ. 1-тур
24 август (душанба)
ФУЛҲЭМ – ЧЕЛСИ
Бошланиш вақти: 23:59
Хаби Алонсо янги босқични ғалаба билан бошлайдими?
«Челси» Хаби Алонсо бошчилигидаги расмий учрашувлардаги дебютини ўтказади. Биринчи рақиб эсаёқ жиддий — Лондон дербисида «Фулҳэм».
Жамоаларнинг 2026 йил январ ойидаги сўнгги учрашуви «Челси»нинг 1:2 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланган эди. Бироқ ўшандан бери «Челси» таркиби яна жиддий ўзгарди.
Қолаверса, испаниялик мураббийларнинг дуэлига гувоҳ бўламиз. Иккиси ҳам ўтган мавсумда «Реал»ни бошқарди. Эндиликда АПЛда ўз омадларини синаб кўради. Илк турдаёқ улар бир-бирига рақиб бўлишади. Ким устун келишини тез орада билиб оламиз.
АПЛ. 1-тур
23 август (якшанба)
МАНЧЕСТЕР СИТИ – БОРНМУТ
Бошланиш вақти: 18:00
«Манчестер Сити» Гвардиоласиз АПЛда биринчи ўйинини ўтказади
«Манчестер Сити»ни Хосеп Гвардиоласиз кўриш ҳали ҳам ғайриоддий. Ҳа, жамоа бошида испаниялик мураббийнинг ўрнини Энцо Мареска эгаллади. Аммо янги мутахассис учун дастлабки натижалар ҳозирча мақтанарли эмас.
Англия Суперкубоги учун баҳсда «Манчестер Сити» «Арсенал»га 0:3 ҳисобида йирик мағлубиятга учради. Шу боис АПЛнинг 1-турида яна бир омадсизликка йўл қўймаслик муҳим.
Бироқ рақиб осон эмас. Ўтган мавсумда «Борнмут» АПЛни 6-ўринда якунлади — клуб тарихидаги энг яхши натижани қайд этди ва ҳатто Чемпионлар лигасига чиқишга жуда яқин келди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, Мареска Абдуқодир Ҳусановга қанчалик ишонч билдириши кўпчиликни қизиқтирмоқда.
А Серия. 1-тур
22 август (шанба)
ИНТЕР – МОНЦА
Бошланиш вақти: 21:30
Италия чемпиони мавсумни қандай бошлайди?
«Интер» Италиядаги чемпионлик унвонини ҳимоя қилишни бошлайди. Кристиан Киву шогирдлари биринчи учрашувни ўз майдонида «Монца»га қарши ўтказади.
Учрашувни дерби деб аташ мумкин, чунки ҳар икки клуб ҳам Ломбардия минтақасини ифодалайди. Аммо кучлар нисбати аниқ — «Интер» яққол фаворит.
«Монца» эса А Серияга эндигина қайтди. Жамоа чемпионга муносиб қаршилик кўрсата оладими ёки «Интер» мавсумдаги биринчи уч очкосини қийинчиликсиз қўлга киритадими? Бу саволга майдонда жавоб берилади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади