ФИФА президенти Жанни Инфантино ташкилот раҳбариятига нисбатан босим кучайган бир пайтда истеъфоси ҳақидаги саволга ўзига хос тарзда жавоб қайтарди.
Sky News журналисти Жеймс Метюс меҳмонхона олдида Инфантинони учратиб, ундан футболга хиёнат қилган-қилмагани ва нима сабабдан истеъфога чиқмоқчи эмаслиги ҳақида сўради.
ФИФА раҳбари саволларга мазмунан жавоб бериш ўрнига журналистнинг соч турмагига эътибор қаратди. Ҳар икки эркакнинг ҳам сочи йўқ эди.
«Соч турмагингиз зўр экан», — деди Инфантино.
Метюс ФИФА раҳбариятига бўлган ишонч ва истеъфо ҳақидаги саволларни беришда давом этди. Инфантино машинасига ўтираётганида эса: «Сартарошхонада кўришамиз», — дея қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Инфантино ФИФА турнирларининг тижорий ҳуқуқларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш режалари ортидан жиддий босим остида қолган. Кейинчалик ушбу лойиҳа қайтариб олинган бўлса-да, ФИФА президенти фаолиятига нисбатан танқидлар давом этмоқда.