Live
1
Ўзбек

Анвар Ғофуров — «Пахтакор» устидан ғалаба, жамоани икки легионер тарк этгани ва миллий жамоа билан ўйин ҳақида

Футбол
18 май, 15:20
«Сурхон» бош мураббийи «шерлар»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Анвар Ғофуров — «Пахтакор» устидан ғалаба, жамоани икки легионер тарк этгани ва миллий жамоа билан ўйин ҳақида
Foto: Surxon PFC
18.05.2026 FT Ўзбекистон Кубоги Сурхон Сурхон 2 : 0 Пахтакор Пахтакор

«Сурхон» бош мураббийи Анвар Ғофуров Ўзбекистон кубоги 2-туридан ўрин олган «Пахтакор»га (2:0) қарши баҳсдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Ўйин ҳақида фикрларингиз?

— Ассалому алайкум ҳаммага. Биз бугунги учрашув осон бўлмаслигини олдиндан билардик. Биз учун очко олиш жуда муҳим эди, чунки кубокдаги юришимизни давом эттиришни мақсад қилгандик. Шунга яраша тайёргарлик кўрдик ва ўйинга жиддий эътибор қаратдик.

Футбол — бу шундай ўйин: рақиб баъзан сиздан яхшироқ ўйин намойиш этиши мумкин. Бугун ҳам «Пахтакор» айрим вазиятларда биздан яхшироқ ҳаракат қилди. Аммо биз, аввало, натижа учун майдонга тушдик. Айниқса, биринчи бўлимда гол урганимиздан кейин бу яққол сезилди.

«Пахтакор» жамоасига кейинги ўйинларда омад тилайман. Таркиби кучли, тажрибали мураббийга эга ва юқори савиядаги жамоа ҳисобланади. Лекин футболнинг гўзаллиги ҳам шунда — кимдир ғалаба қозонади, кимдир эса мағлуб бўлади.

— «Сурхон» жамоасининг кубок ўйинларидаги истиқболли режалари ҳақида гапириб берсангиз?

— Биз ҳар бир учрашувга, хоҳ ўртоқлик баҳси бўлсин, хоҳ чемпионат ёки кубок ўйини бўлсин, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Мақсадимиз ҳам, ниятимиз ҳам шу. Ҳар бир ўйинда мухлисларни хурсанд қилиш ва жамоамизни янада юқори босқичларга олиб чиқишни истаймиз.

— Учрашув аслида Термизда бўлиши керак эди. Аммо майдон майсаси билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Сизнингча, муаммо нимада — нотўғри парваришми ёки учрашувларни эртароқ ўтказишга рухсат берилганидами?

— Бу борада турли фикрлар бўлиши мумкин. Якуний қарор раҳбарият томонидан қабул қилинди. Менимча, ўз майдонимизга, аввало, ўзимиз меҳр беришимиз керак. Агар биз эътибор қилмасак, бошқалардан кутиш қийин. Ҳозирги кичик танаффус давомида майдон ҳолатини янада яхшилаш устида иш олиб борилади ва тез орада у аввалги яхши ҳолатига қайтади, деган умиддаман.

— Потапов ва Хожаниёзов жамоани тарк этди, деган миш-мишлар юрибди. Бунга қандай изоҳ берасиз?

— Ҳа, улар жамоани тарк этишди. Бу уларнинг қарорлари бўлди. Қандай сабаблар бунга туртки бўлганини аниқ билмайман, чунки менинг асосий вазифам — жамоани тайёрлаш. Агар келажакда яна қайтишни исташса, бунга қарши эмасмиз. Ҳозирча улар шундай қарор қабул қилишди. Лекин бизда етарлича футболчилар бор ва мен жамоамдаги ҳар бир футболчига ишонаман.

— Миллий жамоамиз сизнинг жамоангизга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Сизнингча, жамоа ва Каннаваро қандай таассурот қолдирди?

— Албатта, улар ўз режаларини амалга оширишга ҳаракат қилишди. Балки ўйин улар кутгандек кечмагандир, бу — менинг шахсий фикрим. Лекин бир нарсани тан олиш керак — миллий жамоага энг кучли футболчилар чақирилади. Ҳеч бир футболчи бекордан бекорга у ерда бўлмайди.

Шундай ўртоқлик учрашувлари орқали футболчилар ўз имкониятларини кўрсатишга, тажриба орттиришга ва Жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида янада кучлироқ бўлишга ҳаракат қилишади. Шу сабабли биз учун ҳам осон бўлмади. Куни кеча «Нефтчи» жамоаси ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказди ва уларга ҳам қийин бўлгани аниқ.

— Етакчи клубларга қарши ўйинларда Чинеду кўпроқ захирада қолмоқда. Бу нима билан боғлиқ?

— Бу, албатта, жамоанинг тактика ва режаларига боғлиқ. Футболда Б режасиз натижага эришиш қийин. Баъзан захирадаги режаларимиз ўзини оқлайди, баъзан эса аксинча бўлиши мумкин. Лекин ҳар доим муқобил вариантлар бўлиши керак.

Ўтган ўйинда ҳам, бугунги учрашувда ҳам Фаррух Қодиров яхши ўйин намойиш этди. Ҳар бир футболчи ўзини кўрсата олса, бу биз учун қувонарли ҳолат. Шахсан мен бундан хурсанд бўламан. Бизнинг вазифамиз — футболчиларни янада кучлироқ қилиш. Натижада эса жамоа ҳам муваффақиятга эришади, деб ўйлайман, — дея Ғофуровнинг сўзларини келтиради Термиз клуби матбуот хизмати.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Сурхон Сурхон
  • Пахтакор Пахтакор
  • Ўзбекистон Кубоги Ўзбекистон Кубоги
Бугунги янгиликлар