«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне ҳужумчи Хулиан Алварес Мадрид дербисида «Реал»га қарши майдонга тушиши мумкинлигини маълум қилди. Жамоалар 20 сентябр куни Испания Ла Лигасининг 7-тури доирасида баҳс олиб боради.
«У биз билан бўлади. Унинг асосий таркибда майдонга тушиши ёки иккинчи бўлимда ўйинга қўшилишини ҳал қиламиз», — деди Симеоне АS нашрига берган интервюсида.
Алварес мушаклари билан боғлиқ муаммо сабаб «Атлетико»нинг аввалги иккита баҳсида иштирок эта олмаган эди. 26 ёшли ҳужумчи 18 сентябр, жума куни жамоа билан умумий машғулотларга қайтди.
Шу тариқа аргентиналик футболчининг Мадрид дербисида иштирок этиш имконияти пайдо бўлди. Бироқ Симеоне унинг баҳсни асосий таркибда бошлаши ёки захирадан майдонга тушиши борасидаги қарорни ҳали қабул қилмаган.
Маълумот учун, Ла Лиганинг дастлабки олти туридан сўнг «Атлетико» 13 очко билан турнир жадвалининг 4-ўрнида бормоқда. «Реал» эса 15 очко жамғариб, 3-поғонани эгаллаб турибди. Икки жамоа ўртасидаги очколар фарқи икки очкони ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Атлетико» — «Реал» баҳси 20 сентябр куни Мадридда бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 19:15 да бошланади.