Франческо Тотти ўз автобиографиясида «Рома» Пауло Дибалага 10-рақамли либосни беришни режалаштиргани ҳақида эслади.
«Пауло ҳеч қачон 10-рақамда ўйнамаган. Футболдан кетганимдан бери орзумдаги жамоада менинг либосимни бошқа ҳеч ким киймади. Бу менинг танловим эмас, балки бу хазинанинг ҳақиқий қўриқчилари бўлган одамларнинг қарори эди.
Пауло Римга келганида, клуб воситачилар орқали менга хабар юборди. Улар унга 10-рақамни беришни ва айнан мен уни Италия цивилизацияси саройида бўлиб ўтадиган расмий тақдимот маросимида топширишимни хоҳлашган.
«Ҳаммангиз ақлдан озибсизлар. Агар бунга журъатингиз етса, ўзингиз беринглар. Футболчига нисбатан ҳеч қандай эътирозим йўқ — аксинча, у менга жуда ёқади. Инсон сифатида ҳам у ажойиб йигит. Аммо мен шундай жавоб бердим: «Агар ниятингиз шу бўлса — ҳаракат қилинг, фақат менсиз».
Мен бошқа бировнинг танлови, умуман алоқам бўлмаган қарор учун масъулиятни зиммамга олишни истамадим. «Рома»нинг 10-рақами жуда катта маъно касб этади ва мен билан таққослашлар бўлиши табиий эди.
Жуда аниқ айтаман: «Рома»нинг 10-рақамини ҳеч қачон бутунлай муомаладан чиқариб қўймаган бўлардим — бу болаларнинг гўзал орзусини тортиб олиш билан баробар бўлади. Ҳар куни янги Тотти пайдо бўлишига умид қиламан. Римда туғилган, Римда улғайган ва бутун умри давомида, абадий «Рома»ни танлайдиган янги Тоттини.
Бошқа томондан, бу либосни дунёнинг нариги чеккасидан келиб, маълум бир муддат қолиб, кейин кетиб қоладиган футболчига бериш — бутунлай бошқа масала. Бу — жуда муҳим ва аҳамиятли рамз. Уни «Рома»да камида назарий жиҳатдан 15–20 йил ўйнаши мумкин бўлган инсонгагина ишониб топшириш мумкин», — деб ёзади римликлар собиқ сардори хотираларда.

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади