«Локомотив» ҳимоячиси Абдуллоҳ Йўлдошев клуб матбуот хизматига интервю берди.
- «Навбаҳор»га қарши ўйин ҳақида?
- Тезкор, жанговар ва курашларга бой ўйин бўлди. «Навбаҳор» мухлислари футболчилар учун яхши атмофсера яратиб беришди. Уларга ҳам раҳмат айтиш керак.
- Майдон оғир дейишди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Анча эмас, 100 фоиз оғир. Майдон ҳатто сунъий майдондан ҳам қаттиқ. Тўғриси ҳали бундай майдонда ўйнамагандик. Лекин футболчи учун майдоннинг фарқи бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Бундай майдонлар жароҳати бор футболчилар учун қийинчилик туғдириши мумкин. Майдон оғир бўлишига қарамасдан жанговар ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик.
- Натижадан қониқдингизми?
- Барча жамоалар майдонга ғалаба учун тушишади. Ҳеч ким дуранг ёки 0:1 ҳисобида ютқазиш учун ўйнамайди. Тажрибали футболчиларимиз бизга ҳар доим ёрдам бериб, бизнинг шундай жанговар ўйин кўрсатишимизга туртки беришмоқда.
- Жамоа ҳар 4-5 кунда ўйин ўтказмоқда. Бу жамоага қанчалик таъсир қилмоқда?
- Ўйинлардан кейин, менимча, ҳамма бош мураббийлар футболчиларига дам беради. Футболчи учун 1 кун дам етади деб ўйлайман. Ўйинлар кетма-кетлигига келадиган бўлсак, ўйинлар сони қанчалик кўп бўлса, бизга шунчалик яхши. Агарда тикланиш жараёнини тўғри олиб борса, профессионал футболчи 4-5 кунда ўйин ўтказа олади, деб ўйлайман.
- Ўз ўйинингиздан қанчалик қониқяпсиз?
- Баъзи ўйинларда хатойим сабабли гол ўтказган пайтларимиз, айрим пайтларда майдон сабабли хатолар қилган пайтларим бўлди. Шу сабабли ўз ўйинимнинг 20 фоизидан қониқиш ҳосил қилмадим, десам бўлади.
- Исталган футболчида хатолар бўлади. Шундай пайтда Сизни ким қўллаб-қувватлайди?
- Илк навбатда Темурхўжа Абдухолиқов, Сардор Мирзаев, Шуҳрат Муҳаммадиев ва Олег Зотеев. Тўғриси ҳали улар каби футболчиларни кўрмаганман. Уларни акам ўрнида кўраман, ҳар доим бизни зўр қўллаб-қувватлашади. Шу фурсатдан фойдаланиб, уларга алоҳида раҳмат айтиб қоламан.
- Уйдагиларнинг муносабати қандай?
— Асосан ота-онам ўйинларни томоша қилишади. Ўйиндан кейин улар билан гаплашдим, «Навбаҳор»ни мағлуб эта олишимиз мумкинлигини айтишди.
- Онангиз қанчалик қайғуради?
- Жароҳат ёки бироз оғирроқ ҳолатлар бўлиб қолса, қайғуради. Буни фақатгина майдонда фарзанди ўйнаётган ота-оналар ҳис қилса керак. Отам эса ёшлигидан футболчи бўлган ва ҳар доим дуода бўлади.
- Уйда ўйин ҳақида гаплашасизларми?
- Ўйиндан кейин камида 1 соат гаплашамиз. Назарий машғулот бўлади, улар ўз фикрларини айтадилар, мен ҳам фикрларимни билдираман. Отамдан кўп нарсаларни ўрганганман ва уларга ўхшашга ҳаракат қиламан.
- «Локомотив»да ўйнаб кетганингиз учун қайси мураббийга раҳмат айтасиз?
- Менимча ҳамма гап футболчининг ўзида. Агар футболчида ҳаракат бўлмаса, мураббий ҳам уни қўймайди. Илк навбатда — ҳаракат ва меҳнат. Кейин эса роҳат. Энди ўзимизга бўлган мақсадни оширишга ҳаракат қиламан.
- Тўрт футболчимиз миллий жамоаларга кетгани «Навбаҳор»га қарши ўйинда қанчалик билинди?
- Уларнинг жамоада ўз ўрни бор. Қувонч икки қанот ҳужумида бемалол ўйнай олади. Реимов эса жароҳатдан қутулиб, эндигина сафимизга қўшилганди. Бизга керакли футболчи миллий жамоага кераклироқ бўлса, албатта, уларнинг ватан учун ўйнагани яхши. Балки, агар улар бўлганида «Навбаҳор»га қарши бошқачароқ ўйнаган бўлардик. Қувонч — ўз ёш тоифасида етакчи футболчилардан. У ўз жамоасида барча ўйинларда голлар уради. Осиё ўйинларига кетган футболчилар Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтариб, ёруғ юз билан қайтишларига тилакдошман.
- Қайси позисияда ўзингизни эркин ҳис қиласиз?
- Биринчи навбатда марказий ҳимоячи сифатида ўзимни эркин ҳис қиламан. Ўнг қанот ёки таянч ҳимояга қўйишганда ҳам ўзимни йўқотиб қўймайман. Футболчи сифатида бирор жойга қўйилса, рад қилишга ҳаққимиз йўқ. Агарда дарвозага туриш керак бўлса, шундай қиламиз ҳам. Чунки бу — бизнинг касбимиз.
- Агарда пеналти тепиш топширилса...
- Пеналтилар тепишда уста эмасман, уни тажрибали инсонларга топширган бўлардим. Чунки бу илк навбатда жамоа учун муҳим.
- Мирко Еличичнинг ўзига хос томонлари қандай?
- Жисмоний тайёгарликка жуда зўр эътибор беради. Жуда яхши инсон. Ҳар 4-5 кунда ўйин бўлишига қарамасдан барчасига эътибор бермоқда. Бу эса ўйинга чиққанда футболчиларга қулайлик яратиб беради. Тикланиш тез бўлгани учун машғулотда қийинчиликлар унчалик сезилмайди. Мирко Еличич жамоадаги барча футболчиларга ишонади ва ўзига яқин инсон каби кўради. Футболчиларни сўкиб, уларга ёмон гапирмайди. Тун-у кун барча учун эшиклар очиқ. Жароҳат олиб қолсак, унинг ўзи ҳам даволашга тайёр туради.
- «Локомотив» мавсумни қайси ўринда тугатса, кўнглингиз тўлади?
- Ўзимиз учун кучли учликни мақсад қилиб қўйганмиз. Агарда шундай бўлса, бу илк навбатда Мирко Еличичнинг меҳнати эвазига бўлган, деб ҳисоблайман. Биз ўйин бобида жуда кўп ишлаймиз, гаплашамиз. Кучли учликка лойиқмиз. «Локомотив»ни ҳамма ҳис қилади. Ушбу мавсумда ўзининг чиройли ўйинлари билан жамоа бутун Ўзбекистонга ўзини кўрсата олди. Насиб қилган бўлса, кучли учликка ҳам кирамиз.
Ўзбек футболи билан ишлайдиган инсонлар бор. Улар кўп ҳолатларда бизнинг мағлубиятимизни айтишади. «Хоразм» билан ўйинда ҳамма бизнинг 3 талаб гол ўтказишимизни тахмин қилишди. Лекин биз 3 та гол урдик. «Навбаҳор» ёки «Динамо» билан ўйинларда ҳам шундай бўлишини айтишганди. Улар ҳам бизнинг қандай ўйин кўрсатганимизни кўриб олишди.
- Майдондаги қизиққонлик ортда қолдими?
- Ҳа, ортда қолди. Илк навбатда оилани ўйлайман. Яқинда фарзандли бўлдим. Бундай жанжаллар пайтда оила кўздан ўтаркан. Урушсак, жанжал қилсак, футбол ўйнамаймиз, дисквалификация бўламиз ва нонсиз қоламиз.