Олмалиқда бўлиб ўтган ОКМК ҳамда «Қизилқум» баҳсида меҳмонлар сўнгги дақиқада урилган гол эвазига муҳим ғалабани қўлга киритишди.
Учрашувдан сўнг ғолиб жамоа бош мураббийи Жамшид Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.
– Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Биз бугунги баҳс жуда оғир кечишини билгандик ва шунга тайёргарлик кўргандик. ОКМК қандай ўйнашини ҳам яхши билардик. Бугун хурсандман. Айтиш мумкинки, бугун омад бизнинг томонда бўлди. Ҳа, ОКМК ёмон жамоа эмас. Уларда ҳам бир қатор голли вазиятлар бўлди. Аммо футболда шундай: ким кўпроқ гол урса, ўша ғалаба қозонади. Бугунги натижадан хурсандман. Йигитларга бор кучини ишга солиб, охиригача курашгани учун миннатдорчилик билдираман. Барча мухлисларимизга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Турли вазиятлар сабабли мухлисларимиз бугун Олмалиққа кела олишмади. Жамоамизни ушбу ғалаба билан табриклайман.
– Ўйиннинг бориши кўпроқ дуранг билан якунланадигандек кўринаётганди. Аммо сўнгги дақиқаларда гол уриб, ғалаба қозондинглар. Бу сиз учун сюрприз бўлдими?
– Ҳар бир очко олтинга тенг. Барибир ҳар қандай жамоа майдонга ғалаба учун тушади. Мен футболчиларни доимо шунга руҳлантириб келганман. Ҳа, аввал ҳам айтганимдек, бугунги ўйин оғир кечишини билардик. Қарши ҳужумлар эвазига имкониятларга эга бўлишимизни ҳам тушунгандик. Чунки ОКМК сўнгги дақиқаларда жуда фаол ўйнайди. Биз бунга тайёргарлик кўргандик. Рақиб ҳимоясида бўш ҳудудлар пайдо бўлишини билардик. Қарши ҳужумлар орқали тўрт-бешта имконият яратдик ва уларнинг тўртинчи-бешинчисидан фойдалана олдик.
– Бугунги ғалабадан кейин «Қизилқум» энди ўтиш ўйинларига тушмайди, жамоанинг Суперлигада қолиши аниқ бўлди. Шуни ҳисобга олганда, бош мураббий сифатида зиммангиздаги вазифани юз фоиз бажардим, деб ҳисоблайсизми?
– Ҳали иккита ўйин қолди. Уларда ҳам максимал натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Икки тур қолди: битта учрашув ўз майдонимизда, яна бири «Пахтакор»га қарши. Ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, вазиятдан хабардорсиз. Максимал даражада ҳаракат қиламиз», - дея Саидовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Жамшид Саидов: «Ҳар бир очко олтинга тенг»
Эксклюзив
20 ноябр, 10:30
Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.
Фото: Қизилқум ПФК