6 августдан Суперлигада иккинчи давра бошланади. Аниқроғи, 15-турдан кейин дарҳол 16-турга уланиб кетади. Чунки, биласиз ўртада танаффус бўлмайди. Жаҳон чемпионати сабабли Суперлига иштирокчилари икки ойдан зиёд вақт давомида танаффусда бўлишди. Шу боис эндиликда турлар оралиғи вақти катта эмас.
6-8 август кунлари бўлиб ўтадиган 16-тур жуфтликлари бўлиб ўтишидан хабарингиз бор. Таниқли футбол мутахассиси Жаъфар Ирисметов Tribuna.uz учун бўлажак ўйинлар олдидан имкониятлар борасида қуйидаги фикрларни айтди.
6 август
19:00. «Cўғдиёна» - «Андижон»
- «Сўғдиёна» Улуғбек Бақоев бошқарувига ўтганидан кейин бироз нобарқарор ўйин кўрсатяпти. Бир ундай, бир бундай. Лекин охирги учрашувда яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонишди. Уларда Люпче Дориев яхши спорт формасида. «Андижон»га келсак, 2-3 та футболчилари кетди ва яна кимлардир келди. Ўйини шунга яраша бўляпти. Ислом Аҳмедов вазиятни тўғрилашга максимал даражада ҳаракат қиляпти. Менимча, бироз қийинроқ. Барибир «Андижон»да яхши ўйинчилари бор. Бу беллашувда дуранг бўлса керак, деб ўйлаяпман. Бу иккала жуфтликда кимнидир кучли деб айта олмайман. Ўйин «Cўғдиёна» майдонида ўтишини ҳисобга олсак, дуранг кузатилиши мумкин.
20:00. «Пахтакор» - «Бухоро»
- Ҳар доим «Пахтакор»нинг ўйинларини кузатиб бораман. Бу менинг яхши кўрган жамоам. «Пахтакор»нинг ўйини борасида муаммолари анча кўп. «Андижон» билан ўйинда ҳам муаммолари кўринди. Олдинги чизиқдаги камчилигини ироқлик ҳужумчини қўлга киритиб, ҳал қилмоқчи. Лекин ундан ташқари ҳам ўйин борасида анча муаммолари бор. Хомяков «Бухоро»ни анча яхши жамоа сифатида шакллантириб қўйган. Юлдузлари бўлмаса ҳам яхши таркиб туза олган. Менимча, «Пахтакор»нинг қўли баланд келади, фақат минимал ҳисобда бўлса керак. 1:0 бўлиши ҳам мумкин.
7 август
19:00. «Сурхон» - «Навбаҳор»
- «Сурхон» уй ўйинларини Тошкентда ўтказаётганини ҳисобга олсак, бу ерда «Навбаҳор»нинг қўли баланд келиши мумкин. Наманганликларда футболчиларни даражаси юқорироқ деб ҳисоблайман. Бироқ Анвар Ғофуров ҳам максимал даражада яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиляпти. «Сурхон»да муаммолар борлиги учун кўп футболчилари кетди. Шу боис ушбу жуфтликда «Навбаҳор» ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Балки 0:2 ҳисоби қайд этилиши мумкин.
19:30. «Локомотив» - «Динамо»
- «Локомотив»да Мирко Еличич анча яхши жамоа шакллантириб қўйган. Жуда қизиқарли ўйин бўлади. Иккаласи ҳам футбол ўйнайдиган клублар. Бироз «Динамо»да устунлик бўлиши мумкин. Нимани ҳисобига? Ўйинчиларни эвазига бўлиши мумкин. Аммо «Локомотив» ҳам охирги пайтларда яхши ўйин кўрсатяпти. Бу ерда дуранг бўлса керак. Лекин голли дуранг қайд этилиши мумкин. Чунки иккала жамоа ҳам ҳужум қилишни яхши кўради.
20:00. «Хоразм» - «Машъал»
- «Хоразм»ни бу учрашувда устунлик қилиши аниқроқ-ку, аммо «Машъал»га Сергей Лушан келганидан кейин ўйинини ўзгартира олди. Яхши ўйин кўрсатишаётганди. Бироқ сўнгги иккита ўйинда мағлубиятга учради. Янги мураббий келганида жамоа бир «уйғонади-да», кейин яна жойига тушиб қолади, дейишади. Назаримда, бу ерда «Хоразм»ни ютуғи билан тугаса керак, деб ўйлайман. Натижа минимил ҳисоб бўлиши мумкин.
8 август
19:00. «Нефтчи» - «Қизилқум»
- Фикримча, «Нефтчи» рақибини 2-3 та тўп фарқи билан ютиш эҳтимоли бор. Барибир фарғоналиклар сафида ўйинчиларни савияси баланд. Қолаверса, охирги иккита турда дуранг ўйнашди. Ўтган турда Самарқандда у қадар яхши ўйин кўрсатишмаган ҳолда дуранг қайд этишди. Бу сафар улар мухлислари қаршисида яхши ўйин кўрсатиб, 2:0 ёки 3:0 ҳисобида ғалаба қозонса керак.
19:30. «Бунёдкор» - ОКМК
- «Бунёдкор» атрофидаги воқеаларни ҳамма билиб турибди. Жамоа руҳий тарафдан жуда оғир аҳволда. Шунга қарамасдан, Илёс Зейтуллаев шогирдларини муносиб «настрой» қиляпти ва яхши ўйин намойиш қилишяпти. Барибир юз бераётган муаммолар футболчиларга таъсир кўрсатяпти. «ОКМК» минимал ҳисобда ютса керак.
20:00. «Насаф» - «Қўқон-1912»
- «Насаф» охирги ўйинларда яхши ўйинлар кўрсатиб, ғалаба қозоняпти. Бобир Абдихолиқов ҳам муносиб ўйнаяпти. Майдон эгалари 2:0, балки 3:1 ҳисобида ғалаба қозонади, деб ўйлайман. «Қўқон-1912»да охирги пайтларда ўйин сифати пасайиб боряпти. Бош мураббий охирги учрашувдан кейин истеъфога чиқиши ҳақида гапирди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади