«Барселона» футболчиси Ламин Ямал машғулотларда ўз устида олиб бораётган ишлари ҳақида гапирди. Испаниялик футболчи доимий равишда ривожланишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
19 ёшида кўплаб муҳим совринларни қўлга киритган Ямал фаолиятининг энг юқори чўққисига ҳали етиб бормаганини аввал ҳам бир неча бор билдирган. У машғулотларда ўйиннинг турли жиҳатларини такомиллаштиришга эътибор қаратаётганини айтди.
«Мен ҳамма жиҳатларим устида ишлашга ҳаракат қиламан. Ёш бўлганингизда олдинда ҳали кўп вақт бўлади, янада ривожланишингиз ва кўп нарсаларни ўрганишингиз мумкин. Сўнгги вақтларда жарима зарбаларини фаол машқ қила бошладим. Бу борада ҳали ўсишим учун имкониятлар бор», — дея футболчининг сўзларини Barca Universal келтирди.
Ямал ушбу мавсумни ҳам самарали бошлади. У «Барселона» сафида саккизта баҳсда майдонга тушиб, еттита гол урди ва тўртта голли узатмани амалга оширди.
Маълумот учун, Ямал «Барселона»нинг ҳужум чизиғидаги асосий футболчилардан бири ҳисобланади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади