Лондоннинг «Тоттенҳэм» клуби бош мураббий Игор Тудор билан хайрлашганини расман эълон қилди.
«Томонлар ўзаро келишув асосида бош мураббий Игор Тудор клубни тарк этганини тасдиқлаймиз. Шунингдек, дарвозабонлар мураббийи Томислав Рогич ва жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Риккардо Рагначчи ҳам жамоани тарк этди.
Сўнгги олти ҳафта давомида тинимсиз меҳнат қилганлари учун барчасига миннатдорчилик билдирамиз. Шунингдек, Игорнинг яқин инсонини йўқотгани муносабати билан унга ва оиласига ҳамдардлик билдирамиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Янги бош мураббий бўйича маълумот тез орада эълон қилинади», — дейилади клуб баёнотида.
Маълумот учун, Тудор «Тоттенҳэм»ни 14 февралдан буён бошқариб келаётган эди. Унинг қўл остида жамоа 7 та баҳсда 5 бор мағлубиятга учради.