25 ноябр — 7 декабр кунлари Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида «London Chess Classic–2026» халқаро шахмат турнирининг 16-мавсуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Шахмат федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ҳимоя қилади. Ҳамюртимиз турнирнинг асосий «Masters» гуруҳида жаҳоннинг кучли шахматчиларига қарши дона суради.
Мусобақа иштирокчилари:
- Нодирбек Абдусатторов — Ўзбекистон (2772);
- Ниҳал Сарин — Ҳиндистон (2720);
- Левон Аронян — АҚШ (2719);
- Энди Вудворд — АҚШ (2635);
- Василий Иванчук — Украина (2635);
- Гавейн Жонс — Англия (2630);
- Игор Самуненков — Украина (2610);
- Люк Макшейн — Англия (2606);
- Майкл Адамс — Англия (2597);
- Шреяс Ройал — Англия (2537).
Мусобақа классик шахмат йўналишида давра тизими асосида ўтказилади. Иштирокчилар 9 тур давомида ўзаро баҳс олиб боради. Дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа, қолган юришлар учун эса 30 дақиқа ажратилади. Шунингдек, ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшимча вақт берилади.
Турнирнинг биринчи тур учрашувлари эртага, 25 ноябр куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади.
Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 131 минг АҚШ долларини ташкил этади. Турнир ғолиби эса 65 500 доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, 5–6 декабр кунлари ушбу турнир доирасида 10 турдан иборат «Super Rapid» мусобақаси ҳам ташкил этилади. Унда норвегиялик машҳур гроссмейстер Магнус Карлсен ҳам иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Нодирбек Абдусатторов ўтган йили Лондонда ўтказилган турнирда 9 имкониятдан 7,5 очко жамғариб, бош совринни қўлга киритган эди.