Live
18
Ўзбек

Сергей Лушан: «Сўнгги вақтларда деярли барча ёш футболчиларни асосий жамоага жалб қиляпмиз»

Эксклюзив
15 октябр, 14:11
Лушан матбуот анжуманида иштирок этди.
Сергей Лушан: «Сўнгги вақтларда деярли барча ёш футболчиларни асосий жамоага жалб қиляпмиз»
Фото: Машъал ПФК
15.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Машъал Машъал 0 : 1 OKMK OKMK

Бугун Суперлиганинг 24-турига старт берилди. Аутсайдер – «Машъал» ОКМКни қабул қилди ва 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Учрашувдан кейин муборакликлар устози Сергей Лушан матбуот анжуманида иштирок этди.

— Бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз қандай?

- Рақибни ғалаба билан табриклайман. Аста-секин мавсумни тўлиқ ёш футболчилар билан якунлаш томон ҳаракатланяпмиз, деб ўйлайман. Боймуродов, Эргашев, Абдураҳимов — бугун учинчи ўйинини ўтказди, у ҳам «дубл»дан келган. Раҳимов ҳам «дубл» футболчиси. Умуман, ёш йигитлар.
Ўйлашимча, кейинги ўйинда яна икки нафар футболчини қўшамиз. Ўринбосарлар жамоамиз билан боғлиқ муаммоларимиз ҳам бор. U-19 жамоасида ҳам шундай вазият. Аслида кўпроқ футболчиларни алмаштиришимиз мумкин эди, аммо у ерда ҳам, бу ерда ҳам жамоаларни тўлдиришимиз керак. Футболчилар сони етарли бўлмаётгани сабабли буни амалга ошира олмаяпмиз.

— Сиз билан шартнома шу йил охиригача. Келаси йилга «Машъал»ни ёшлардан иборат жамоа сифатида тайёрлаб боряпсизми?

- Ҳа, шартномам йил охиригача. Ёшларни тарбиялаб боришнинг ҳам маъноси бор. Аслида бизда иккита вазифа бор эди: имкон қадар Суперлигада сақланиб қолишга ҳаракат қилиш ва агар юлдузларимиз порлаб, ҳаммаси биз учун омадли кечса, юқорида қолиш. Балки бунга эришармиз, деб ўйлагандирмиз, лекин дастлабки пайтданоқ бу жуда қийин эканини тушуниб тургандик. Шунинг учун ҳам биринчи турларданоқ бутун ўринбосарлар жамоаси биз билан бирга машғулот ўтказиб келмоқда. Машғулотларимизда 30 нафар футболчи иштирок этади. Бу эса бизга уларни саралаш, жисмоний ва спорт формасини баҳолаш имконини беради. Машғулотларда ўзини яхши кўрсатаётган йигитларни дарҳол асосий жамоа қайдномасига қўшиб бордик.

Сўнгги вақтларда, таъбир жоиз бўлса, деярли барча ёш футболчиларни асосий жамоага жалб қиляпмиз. Буни келаси йилги таркибни шакллантириш, футболчиларни ўзаро ўйнаб, бир-бирига мослаштириш жараёни десак ҳам бўлади. Шу билан бирга кимнинг имконияти қай даражада эканини баҳолаяпмиз.

Чунки ўринбосарлар жамоасида ўйнаш бошқа, U-19 да тўп тепиш бошқа. Бизда U-19 жамоаси билан ҳам икки марта ўйин бўлди. Бугун майдонга тушган Жавлиев ҳам U-19 жамоасида ўйнайди. Менинг фикримча, у бугун майдондаги энг яхши футболчи бўлди. Балки иккала жамоа футболчилари орасида ҳам энг яхшиси бўлгандир.

Биз айнан шундай йигитларни излаяпмиз. Ўйлашимча, мавсум охиригача камида олти-саккиз нафар футболчидан иборат ўзагимизни шакллантириб оламиз. Агар Суперлигада сақланиб қолсак, албатта, икки, уч, балки тўртта позицияни тажрибали футболчилар билан кучайтиришимиз керак бўлади.
Дастлабки келишувларимизда ҳам ёшларни асосий жамоага жалб қилиш масаласи бор эди. Ёш футболчиларимиз бор, уларни ўргатишимиз, кузатишимиз ва асосий жамоа даражасига торта олиш-олмаслигимизни баҳолашимиз керак. Бу доимий жараён, у ҳеч қачон тўхтамайди. Селекция ишларини олиб борамиз, ёш футболчиларни ҳам кузатиб борамиз.

Клубдаги молиявий вазият жуда оғир. Ҳатто ҳаммага пулларини бериб, клубнинг ўзи қоладими-йўқми, деган савол ҳам бор. Чунки бу йилги молиялаштириш даражаси билан менимча, бу футбол ҳеч кимга керак эмас. Бу футбол эмас, бу аянчли ҳолат.

Клубдаги одамлар етти-саккиз ойлаб маош олмасдан ишлаяпти. Уларнинг ҳаммаси оиласини боқиши керак. Шу сабабли ҳам бу йил клубни кўплаб одамлар тарк этди. Мен айнан молиявий муаммолар туфайли кетганларни назарда тутяпман. Ахир оилани таъминлаш керак. Уларнинг орасида анча яхши савиядаги профессионаллар ҳам бор эди.
Ким мураббий бўлиб ишлаши масаласини эса раҳбарият ҳал қилади: бизми ёки бошқа бировми. Мураббийлик шундай касбки, сизга иш таклиф қилишса, таклифни қабул қиласиз», - дея Лушаннинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Машъал Машъал
  • OKMK OKMK
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар