«Бавария» клуби ҳужумчи Ҳарри Кейн билан шартномани 2029 йилнинг ёзига қадар узайтириш бўйича принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, Мюнхен клуби ҳужжатларни расмийлаштириш ишларини якунламоқда.
Қайд этилишича, Кейн ва унинг оиласи Мюнхендаги ҳаётдан мамнун. Англиялик футболчи 2023 йилда «Тоттенҳэм»дан «Бавария»га ўтган. Бу вақт давомида у клуб сафида барча турнирлар доирасида 156 та учрашувда 154 та гол урган.
Хусусан, у 2025/26 йилги мавсумда Бундеслигада 31 та ўйинда 36 та, Чемпионлар лигасида эса 13 та учрашувда 14 та гол муаллифи бўлган.
Кейн «Бавария»даги фаолияти давомида икки марта Германия чемпиони бўлди, шунингдек, Германия кубоги ва мамлакат Суперкубогини қўлга киритди. Бундан ташқари, у икки марта «Олтин бутса» совринига сазовор бўлди ва кетма-кет уч мавсум Бундеслиганинг энг яхши тўпурарига айланди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади