Эрон миллий жамоасининг собиқ ҳужумчиси Сардор Озмун ЖЧ-2026 учун кенгайтирилган таркибдан жой олмагач, маҳаллий ОАВдаги танқидларга муносабат билдирди.
Аввалроқ Эроннинг IRNA агентлиги 31 ёшли футболчи жароҳати сабаб мундиалга чақирилмагани ҳақида хабар берганди. Кейинчалик айрим нашрларда Oзмуннинг БАА бош вазири Муҳаммад ибн Рашид Ол Мактум билан тушган сурати сабаб таркибдан четда қолгани ҳақида маълумотлар тарқалди.
«Кўпчилик билмаслиги мумкин бўлган айрим нарсаларни ва кимнидир мен ҳақимда шошқалоқлик билан ҳукм чиқаришга мажбур қилган тушунмовчиликларни чин юракдан айтмоқчиман. Мен ҳар доим миллий жамоам учун фахр билан ўйнаганман.
Ўсмирлигимда бошқа давлат шарафини ҳимоя қилиш учун катта молиявий таклиф олганман. Мен эса: «Мен Эрон фарзандиман ва халқим учун ўйнаб, уларни хурсанд қилишни истайман», деб жавоб берганман.
Қаерда ўйнашимдан қатъи назар, менинг қалбим, ғурурим ва шахсим — Эрон», — деб ёзди Озмун ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Сардор Озмун айни пайтда БААнинг «Шабаб Ал Аҳли» клубида тўп тепмоқда.