Бугун
25
Ўзбек

Санжар Қувватов: «Бизда биринчи ёки иккинчи дарвозабон деган тушунча йўқ»

Эксклюзив
29 июл, 06:57
Tribuna.uz мухбири Қувватов билан суҳбатлашди.
Санжар Қувватов: «Бизда биринчи ёки иккинчи дарвозабон деган тушунча йўқ»
Фото: Пахтакор ПФК

Суперлигада амаллаги чемпионни изма-из таъқиб этиб келаётган «Пахтакор» 14-турда Тошкент дербисида «Бунёдкор»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратганидан хабарингиз бўлса керак. «Пахтакор»нинг асосий дарвозабонига айлана олган Санжар Қувватовни ҳам жамоасининг ғалабаларида шубҳасиз катта ҳиссаси бор. «Қалдирғочлар»га қарши беллашувда у дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди.
Tribuna.uz мухбири ушбу посбон билан суҳбатлашди.

- «Пахтакор» «Бунёдкор»га қарши ўйинда ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Бевосита ушбу беллашувда иштирок этган футболчи сифатида нималарни айта оласиз?

- Дерби ҳар доим қийин бўлади. «Бунёдкор» жамоасидаги муаммоларни ҳамма билади. Шунга қарамасдан, у ерда ҳам профессионал футболчилар йиғилган. Улар яхши ўйин кўрсатишди. Бунинг учун рақибга алоҳида ташаккур айтиш керак. Ўйин қизиқ кечди. Иккинчи голимиз ҳисобга олинмади ва яна бир-иккита имкониятларимиздан фойдаланганимизда каттароқ ҳисобда ютишимиз мумкин эди. Муҳими, ғалаба қозондик. Қанақа қийин бўлишига қарамай, якунда уч очкони қўлга киритганимиз биз учун ҳар доим мароқли. Биласиз, «Пахтакор» доим чемпионлик учун курашадиган жамоа. Бизга юқори ўриндагими ёки пастки ўриндаги жамоа рақиб бўладими, ҳамма вақт бир хил ўйин кўрсатишимиз керак. Мақсади юқори қўйилган клуб учун ҳар қандай жамоага қарши ўйнаш қийин бўлади. Ҳар бир беллашувга катта масъулият билан чиқиш керак. Қийинчиликларга қаармай, ғалаба қозонганимиз ёқимли.

- «Пахтакор»ни 1 август куни сафарда «Андижон»га қарши ўйин кутиб турибди. Водийда ўтадиган бўлажак учрашув олдидан қандай фикрдасиз?

- Албатта, қизиқарли ўйин бўлади. Биринчидан, «Андижон»нинг мухлислари ўз жамоасини жуда кучли қўллаб-қувватлашади. Бу борада «Андижон»га ҳам, бизнинг жамоага ҳам барибир босим бўлади. Тайёргарлик ҳар доимгидек. Ҳар бир баҳсга қандай ҳозирлик кўрсак, худди шундай тайёргарлик кўриб майдонга тушамиз.

- «Пахтакор»нинг асосий таркибидан мунтазам ўрин эгаллаб келяпсиз. Биламизки, Владимир Назаров ҳам бор ва рақобат кучли. Биринчи рақамли дарвозабонга айлана олганингиз нима билан боғлиқ?

- Биринчи дарвозабон, иккинчи дарвозабон деб кўпчилик айтади. Аммо бизда бундай тушунча йўқ. Мураббийларимиз доимо бизга тушунтириб боришадики, ҳозирги пайтда ҳар 3-4 кунда ўйин. Албатта, бир футболчини ҳамма ўйинларда ўйнаши жуда қийин. Бизда биринчи таркиб ёки иккинчи таркиб деган нарса йўқ. Бугун мен ўйнаган бўлсам, эртага Назаров чиқиши мумкин ёки ҳимояда бошқа футболчилар майдонга тушишлари мумкин. Мураббийлар ўйинчиларни алмаштириб туришибди. Ўйинлар оралиғи яқинлиги учун вақт кам қолади ва футболчида чарчоқ билинади. Шунинг учун таркибда ўзгаришлар бўлса буни ҳеч қанақа ажабланарли жойи йўқ. Бизда иккита бир хил таркиб. Ҳар бир ўйинчи ўз позицияларида энг яхшиларидан. Ҳа, рақобат кучли, Назаровни ҳамма билади. Миллий жамоагача етиб борган ва у ёмон дарвозабон ҳисобланмайди. Ҳар бир спортчини вазифаси ўйинга тайёргарлик кўриш. Фақат максимал даражада ишлаймиз. Қолганини мураббийлар ҳал қилишади. Масалан, мен эмас, Назаров ўйнаса, унга албатта ёрдам бераман. Хафа бўлиб қолиш ёки нега мен ўйнамаяпман, деган нарса балки хаёлда бўлиши мумкин, лекин амалда ундай эмас. Бизда чемпионат, ОЧЛ ва Кубок ўйинлари бор. Учрашувлар жуда кўп.

- «Пахтакор» гол урганидан кейин кўпроқ ҳимояга эътибор қаратяпти. Натижада дарвозангиз олдида хавфли вазиятлар кўпаймоқда. Масалан, ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларида ҳам бош мураббийга шу ҳақида савол беришяпти. Сизнингча, голдан кейин жамоа нега кўпроқ ҳимояга қайтяпти?

- Тўлиқ ҳимояга ётиб оляпмиз, деган нарса эмас. Масалан, ўйинга қараб бўлиши мумкин. Иккинчи бўлим охирроғида бўлса, албатта ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Чунки футболчида чарчоқ билинади. Муҳими, орқада тўп ўтказиб юбормаслик. Агар 2:0, 3:0 бўладиган бўлса, унда бемалол ўйнаб яна ҳужумларга эътибор қаратиш мумкин. Ҳамма нарса ўйинга қараб бўлади. Бошқа жамоага ўхшаб ўйинни бошидан ҳимояга ётиб олмаймиз ёки биринчи бўлимда гол ургандан кейин ҳам ҳимояга ётиб олмаймиз. Олдинда ҳали анча вақт бўлади. Лекин учрашув охирларига яқин албатта ҳимояни ўйлаш керак. «Пахтакор» ва «Нефтчи»га қарши учрашувларда кўп жамоаларни дуранг ҳам қониқтиради. Тўғрисини айтсам, биз учун ҳар бир дуранг деярли мағлубиятга тенг.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Пахтакор Пахтакор
Бугунги янгиликлар