«Лидс» яримҳимоячи Ао Танака билан янги шартнома имзоланганини эълон қилди. Томонлар ўртасидаги келишув 2029 йилгача мўлжалланган.
Танака 2024 йилда Дюсселдорфнинг «Фортуна» клубидан «Лидс» сафига қўшилган. Дастлабки мавсумида у Чемпионшипда 43 та баҳсда майдонга тушиб, жамоага чемпионликни қўлга киритишда ёрдам берди. Шунингдек, клуб футболчилари томонидан мавсумнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди ва энг чиройли гол муаллифи учун мукофотга сазовор бўлди.
«Лидс» АПЛга қайтганидан сўнг япониялик футболчи «Эвертон»га қарши баҳсда дебют қилди. Ўтган мавсумда у барча мусобақаларда 33 та ўйин ўтказиб, 4 та гол урди. Танака АПЛда «Челси» ва «Ливерпул» дарвозаларини ишғол қилди, Англия кубогида эса яна икки бор рақиб дарвозасини ишғол этди. «Лидс» ушбу турнирда яримфиналга қадар етиб борди.
Маълумот учун, Танака ушбу мавсумда барча мусобақаларда 12 та баҳсда қатнашди. Унинг ҳисобида «Брайтон»га қарши ўйиндаги голли узатма ва «Нюкасл» билан беллашувдаги гол (4:1) бор. Эслатиб ўтамиз, яримҳимоячи Япония миллий жамоаси сафида ҳам ўйнайди. Жаҳон чемпионатидаги учта баҳсдан сўнг унинг миллий жамоа сафидаги ўйинлари сони 47 тага етган.