Бугун
17
Ўзбек

Пойет Саудия Пролигасини Лига 1дан устун қўйган Роналдуга жавоб қайтарди

Футбол
31 май, 17:27
Густаво Саудия Пролигаси жамоаларини «Бордо»га таққослади.
Пойет Саудия Пролигасини Лига 1дан устун қўйган Роналдуга жавоб қайтарди
Фото: Getty Images

«Ал Халеж»нинг собиқ мураббийи Густаво Пойет «Ан Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг Саудия Пролигаси Лига 1дан кучлироқ эканлиги ҳақидаги сўзларига муносабат билдирди.

«Ўйлайманки, Криштиану Саудия Арабистонининг тўртта-олтита энг яхши жамоасини назарда тутган. Менимча, турнир жадвалининг қуйи қисмидаги еттита клуб Лига 1да муносиб иштирок эта олишмасди ва мавсум ўртасига етмасданоқ қуйи лигага тушиб кетишарди. Роналду лигадаги энг яхши жамоалардан бирида ўйнайди. Бу клуб совринларга даъвогарлик қилишади, мен эса жадвалнинг қуйи қисмидаги жамоалардан бирини бошқарганман.

Менинг 2018 йилдаги «Бордо» жамоам ҳозирги «Ал Халеж» билан солиштирганда, барча ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман... фарқ жуда катта, у «Бордо» фойдасига. Тўғри, бу жамоани «Ан Наср» билан таққослай олмайман, чунки бу футболчиларни шуғуллантирмаганман, лекин мен бошқарган икки клуб ўртасидаги фарқ жуда катта.

Ўтган мавсумда Саудия лигаси жадвалининг қуйи қисмидаги еттита жамоадан бирортаси менинг «Бордо» жамоамни юта оларди деб ўйламайман.

Тушунаман, Саудия футболининг имижи борасида Роналду бунинг аксини айта олмайди. Саудия лигасининг қуйи олтилигидаги жамоалар Франция чемпионатида рақобат қила оларди деб ўйламайман. Яна бир бор айтаман, гап жадвалнинг қуйи қисми ҳақида кетмоқда.

Ўйлайманки, Криштиану айнан шуни назарда тутмоқда. У осон ғалаба қозонадиган ўйинларни унутиб қўйган» — дея Пойетнинг сўзларини келтиради Get French Football News нашри.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Саудия Арабистони Про-лигаси Саудия Арабистони Про-лигаси
  • Лига 1 Франция Лига 1 Франция
Бугунги янгиликлар