Бу йил «Пахтакор», «Нефтчи» ва «Насаф» клублари халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Хусусан, «Пахтакор» ва «Нефтчи» Элит Осиё Чемпионлар лигасида, «Насаф» ОФК Чемпионлар лигаси 2 мусобақасида иштирок этмоқда.
ОФК томонидан жамоаларга турнирдаги иштироки, ҳар бир ғалабаси ҳамда кейинги босқичларга йўл олгани учун йирик миқдорда мукофот пуллари ажратилади.
Мисол учун, «Пахтакор» ва «Нефтчи» Элит Осиё Чемпионлар лигасида иштирок учун кафолатланган 800 минг долларни қўлга киритади. Бу турнирдаги ҳар бир ғалабаси учун қўшимча 100 минг доллар бонусга эга бўлишлари мумкин. Агар жамоалар 1/8 финалга йўл олса, 200 минг доллар олади. Чоракфинал иштирокчисига 400 минг доллар, яримфиналга чиқса, 600 минг доллар мукофот пули билан ўз ғазнасини бойитиши мумкин.
Мусобақа ғолиби — турнир чемпиони 10 миллион долларлик бош совринни қўлга киритади. Финалда мағлуб бўлган жамоага 4 миллион доллар мукофот пули тўланади.
«Насаф» ОФК Чемпионлар лигаси 2 турнирининг гуруҳ босқичида иштироки учун кафолатланган 300 минг доллар мукофот пули ажратилади. Бундан ташқари, гуруҳдаги ҳар бир ғалаба учун 50 минг доллардан қўшимча бонус тўланиши кўзда тутилган. 1/8 финалга чиққан клуб 80 минг доллар, чоракфиналга йўл олган жамоа 160 минг доллар, яримфинал иштирокчиси эса 240 минг доллар мукофот олади.
Бу турнирнинг ғолибига 2,5 миллион доллар, финалчига 1 миллион доллар мукофот пули берилади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади