«Бавария» қанот ҳужумчиси Майкл Олисе Германия чемпионатининг навбатдаги турида «Вердер»га қарши ўйинда иштирок эта олмайди.
Ўтган турда Олисе мавсумдаги бешинчи сариқ карточкасини олди ва шу сабаб дисквалификация қилинди. Натижада у яқинлашиб келаётган баҳсда жамоасига ёрдам бера олмайди.
Бу 24 ёшли франциялик футболчи учун 2024 йил ёзида «Кристал Пэлас»дан «Бавария» сафига ўтгач, Бундеслигадаги илк ўтказиб юбориладиган ўйин бўлади. У бунгача Германия чемпионатида ва бошқа мусобақаларда кетма-кет 55 баҳсда майдонга тушиб, 22 гол ва 36 голли узатмага муаллифлик қилган. Амалдаги «Бавария» таркибида ҳеч бир футболчи бундай кўрсаткичга эга эмас.
Эслатиб ўтамиз, «Вердер» — «Бавария» баҳси бугун, 14 феврал куни бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 19:30да старт олади. Айни пайтда «Бавария» турнир жадвалида 1-ўринда бормоқда, «Вердер» эса 16-поғонани эгаллаб турибди.