Мексика миллий жамоаси дарвозабони Гилермо Очоа ушбу жаҳон чемпионатидан кейин фаолиятини якунлашини маълум қилди.
«Мексика миллий жамоаси ҳар доим менинг йўналишим, ҳам фаолиятимда, ҳам ҳаётимда компас бўлиб келган. Мен ўз фаолиятимни миллий жамоасиз тасаввур қила олмайман. У бўлмаганида қандай бўлишини билмайман.
Миллий жамоадаги даврим тугаб бораётганини ҳис қилар эканман, футболда давом этиш учун маъно кўрмаяпман. Давом этишга сабаб ҳам йўқ.
Бу ердаги ҳар бир лаҳзадан завқ олдим. Майдонда боримни бердим. Мен хотиржам қалб ва баланд кўтарилган бош билан футболдан кетяпман ва бу йўлни босиб ўтганимдан фахрланаман», — деди Очоа кўз ёшларини тия олмасдан.
Маълумот ўрнида, Гилермо фаолияти давомида «Аяччо», «Малага», «Гранада», «Стандард», «Америка» ва «Салернитана» каби клубларида тўп тепган. У Мексика миллий жамоаси сафида 153 та ўйин ўтказган бўлиб, бу кўрсаткич тарихда учинчи натижа ҳисобланади.
Аввалроқ Каспер Шмейхел фаолиятини якунлагани маълум қилинганди.