Бугун, 16 сентябр куни «Насаф» Осиё Чемпионлар Лигаси 2 мусобақаси 1-турида Баҳрайннинг «Ал Ҳалдия» клубига қарши баҳс олиб боради.
«Ал Ҳалдия» 2020 йил 27 октябрда ташкил этилган бўлиб, қисқа вақт ичида Баҳрайннинг етакчи клубларидан бирига айланди. Жамоа мухлислар орасида «Баҳрайн шерлари» номи билан танилган. Клуб уй баҳсларини Риффа шаҳридаги 24 мингдан ортиқ томошабинни сиғдира оладиган Баҳрайн Миллий стадионида ўтказади.
«Ал Ҳалдия» икки карра Баҳрайн чемпиони, икки карра Баҳрайн Қирол кубоги ва тўрт карра Баҳрайн Суперкубоги соҳиби ҳисобланади. Жамоа 2022/23 ва 2023/24 йилги мавсумларда кетма-кет чемпионликни қўлга киритган. Ўтган мавсумда эса 54 очко билан иккинчи ўринни эгаллаган. «Ал Муҳаррақ» чемпионликни 55 очко билан қўлга киритган.
Баҳрайн клуби Осиё Футбол Конфедерацияси ташкил этадиган расмий клуб мусобақаларида 15 та баҳс ўтказган. Ушбу баҳсларнинг 5 тасида ғалаба қозонган, 4 тасида дуранг қайд этган ва 6 тасида мағлуб бўлган.
«Ал Халдия»нинг Осиё майдонидаги энг яхши натижаси 2024/25 йилги мавсумда қайд этилган. Клуб ОЧЛ-2 гуруҳ босқичидан чиқиб, нимчорак финалгача етиб борган. Ушбу босқичда Баҳрайн вакили Эроннинг «Трактор» клубига икки баҳс натижасига кўра имкониятни бой берган.
Ўтган мавсумда эса «Ал Ҳалдия» ОЧЛ 2 гуруҳ босқичида «Ал Аҳли», «Андижон» ва «Аркадағ» билан бир гуруҳдан жой олган. Жамоа 6 баҳсда 1 та ғалаба, 3 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этиб, 6 очко билан учинчи ўринни эгаллаган ва плей-оффга чиқа олмаган.
Айни пайтда «Ал Ҳалдия»ни хорватиялик мутахассис Горан Томич бошқармоқда. 49 ёшли мураббий аввал Хитой, БАА ва Саудия Арабистони клубларида ҳам фаолият юритган.
Клуб ёзги трансфер ойнасида таркибини сезиларли даражада кучайтирди. ЖАР миллий жамоаси яримҳимоячиси Патрик Масванганйи «Орландо Пайретс»дан келиб қўшилди. Шунингдек, шимолий македониялик ҳимоячи Дарко Велковски, марокашлик Абделҳак Ассал ва Валид Саббар, хорватиялик Домагой Дрожек ҳам жамоа сафига қўшилди.
Бразилиялик Глеисон Мореира, шунингдек, Баҳрайн миллий жамоаси футболчилари Меҳди Ҳумаидан ва Моҳамед Адел «Ал Ҳалдия»нинг муҳим ўйинчилари ҳисобланади.
Горан Томич шогирдлари янги мавсумни ҳам муваффақиятли бошлади. «Ал Ҳалдия» дастлабки турда «Ал Нажма»ни 7:2, иккинчи турда «АЪАли»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Учинчи турда эса «Ар Риффа» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Натижада жамоа уч баҳсдан сўнг 7 очко жамғариб, 10 та гол урган.
«Ал Ҳалдия» — «Насаф» баҳси ОЧЛ 2 мусобақаси 1-тури доирасида бугун Баҳрайнда бўлиб ўтади.