«Манчестер Юнайтед» вингер Мейсон Гринвудни ортга қайтариш имкониятидан фойдаланмайди. Бу ҳақда ишончли инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, манкунианликлар «Марсел»га Гринвудни қайта сотиб олиш бандини фаоллаштирмаслигини маълум қилган. Эндиликда Франция клуби футболчига қизиқиш билдираётган «Фенербаҳче» билан расмий музокараларни бошлайди.
Қайд этилишича, трансфер амалга ошса, «Манчестер Юнайтед» футболчининг кейинги сотувидан фоиз олиш банди орқали тахминан 11,7 миллион евро ишлаб олади.
2025/26 йилги мавсумда Гринвуд барча мусобақаларда 45 та учрашувда майдонга тушиб, 26 та гол ва 11 та ассист қайд этди.