Суперлиганинг 20-туридаги марказий ўйинлардан бири Қаршида бўлиб ўтди. Унда «Насаф» мусобақа пешқадами - «Нефтчи»ни қабул қилди ва 6:2 ҳисобида рақибини тор-мор келтирди.
Учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Авваламбор, «Насаф» жамоасини ишончли ва ажойиб ғалаба билан табриклайман. Мухлисларимиздан, раҳбариятдан, барча-барчадан узр сўрайман. Барча айбни, барча хатоларни ўз зиммамга оламан. Умуман, ўйин оғир ўтди. Лекин тушунарсиз ҳолатлар жуда кўп бўлди. Стандарт… Рақиб барча стандартлардаги вазиятларни голга айлантирди. Билмадим, буни қайтадан кўриб чиқамиз. Лекин шу ҳолатда ҳам футболчиларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Улар ҳаракат қилишди. Ҳозир бирор нима дейиш ҳам қийин.
- Бухорода ва Қаршидаги ўйинлардаги салбий натижаларни нима билан изоҳлайсиз? Бу кетма-кет бўлаётган мағлубиятларда нимани сабаб деб кўрсатасиз?
- Албатта, хатолар билан изоҳлаймиз. Қаердадир кам ишлаётгандирмиз. Қаердадир ўзимизнинг хатоларимиз, қаердадир рақибнинг маҳорати. Доимий равишда ҳамма ўйинни "стабил" ўтказишнинг имкони йўқ. Чунки жамоа жуда катта босим остида ҳаракат қилади. Юқори нотада туриш доим қийинчилик туғдиради. Ҳар битта ўйиннинг қадри баланд. Буни футболчилар ҳам, ҳамма яхши тушуниб турибди. Афсуски, шундай ҳолатлар ҳам кузатилиб турибди. Ҳаракат қиламиз, вазиятни тўғрилашга, ечим ахтаришга ҳаракат қиламиз. Сафардаги ўйинларда ҳам ишончли ғалаба қозониш ва бу вазиятдан чиқиб кетиш учун Худо хоҳласа, бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
- «Нефтчи» амалдаги чемпион ҳисобланади. Суперлигадаги бошқа клублар билан таққосласак, ҳеч қандай муаммо йўқ. Футболчилари нисбатан кўпроқ ойлик олади. Сизнинг ёрдамчингиз ҳам хориждан, германиялик эди, у кетган бўлса ҳам, у ҳам нисбатан кўпроқ ойлик оларди. Битта савол ўйлантиряпти: Осиё майдонларида Ўзбекистон шарафи номидан ҳам ишонаётганимиз «Нефтчи» жамоаси эди. Чунки биринчи даврани олиб қарайдиган бўлсак, ишончли ўйин, европача футбол, ноодатий ўйин услуби. Лекин иккинчи давра бошланганидан сўнг кутилмаганда жамоада қандайдир инқироз юз берди. Бу ҳолатни шу германиялик ёрдамчингизнинг кетгани билан изоҳлайсизми ёки футболчилар муддатидан олдин ўтган йили чемпион бўлган бўлса, «бу йил мана чемпионлик бизники бўлиши керак», деб сал ортиқча эркинликка берилиб юборишдими?
- Ўтган сафар ҳам интервьюда айтиб ўтгандим. Мураббий кетиши бу жамоа ўйинига таъсир қилмайди. Ўйинимизда иккинчи даврада кўплаб хатолар кузатилишига сабаб — бу ўзларингиз билиб турибсизлар, кўряпсизлар. Жуда катта йўқотишлар бўляпти, жамоа таркибида. Футболчилар тинмай жароҳат оляпти. Асосий футболчилар йўқ. Уларнинг ўрнини бошқалар тўлдиряпти. Барибир, жароҳатдан қайтганидан кейин ҳам у тезда ўйинга киришиб кета олмайди. Бу ҳам ўзи анча вақт оладиган жараён. Ҳар битта ўйинга ўша жароҳатлар билан келяпмиз ва ҳар битта ўйинда иложи йўқ, таркибни ўзгартиришга мажбур бўляпмиз. Бу ҳам ўйин сифатига таъсир қилади. Чунки бир хилда ўйнаб турган таркиб бошқа ва доимий ўзгарадиган таркиб бошқа.
Энди истаймизми, йўқми, бу ҳам барибир ўйин сифатига таъсир қилади. Шунинг учун ўйлайманки, ҳаммаси ҳам жароҳатлар билан боғлиқ эмас, балки қаердадир мураббий сифатида ўзим хато қилаётгандирман. Шунинг учун ҳозир аниқ бир нарса айта олмайман. Лекин шунга қарамасдан, биз охиригача курашамиз. Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ. Жамоа биринчи ўринда ва мавсумни охиригача бор кучимиз билан ҳаракат қилиб, Худо хоҳласа, шу турган ўрнини сақлаб қоламиз.
- Осиё Чемпионлар лигасидан нимани кутсак бўлади ёки ўзларингиз нималарни кутяпсизлар?
- Осиё Чемпионлар лигаси — бу оддий мусобақа эмас. Ўзига яраша жуда кучли рақиблар бор. Буни биз ҳам ҳис қилиб турибмиз. Чунки Ўзбекистон номидан муносиб иштирок этишимиз шарт. Бу бўйича барибир, руҳиятга ҳам боғлиқ. Футболчилар ҳам бошқача ёндашади. Ўйлайманки, Худо хоҳласа, ОЧЛда муносиб иштирок этамиз.
- «Насаф»га қарши очиқ футбол ўйнаганингиз хато бўлди, деб ҳисоблайсизми?
- Йўқ, ундай демаган бўлардим. Бугун кўрган бўлсангиз, барчаси ўша стандарт вазиятлар ўйин тақдирини ҳал қилиб кетди. Ўша жарима зарбасидан гол, ундан кейин бурчак зарбасидан гол ва қайта-қайта бурчак зарбаларидан ҳар битта узатилган тўп голга айланаверди. Билмадим, биринчи бўлимда жамоа нокдаун ҳолатига тушиб қолди. Бу ҳолатда қийин — футболчиларни қайтадан уйғотиш, руҳий томондан жуда катта қийинчилик туғдиради. Шанинг учун очиқ футбол ҳар доим ўйнаяпмиз, барча рақибга қарши очиқ футбол ўйнаяпмиз. Уйда «Пахтакор»га қарши ҳам очиқ футбол ўйнадик. Шу кунгача барча ўйинимизда очиқ футбол ўйнадик. Ўйлайманки, бу очиқ футбол билан боғлиқ эмас.
- Ҳозир ҳар битта стандартда гол бўлганлиги ҳақида гапиряпсиз. Ҳимоячилар ёки дарвозабоннинг ҳаракатларини қанчалик баҳолайсиз ёки улар қанчалик сиз кутган ўйинни кўрсатишдими?
- Йўқ, реал ҳолатда худди шундай бўлди. Кўрган бўлсангиз, ҳар битта зарба голга айланди. Ўшанинг учун рақиб учта гол урди. Ҳеч кимдан шубҳаланадиган ҳолат йўқ. Футболчиларимизнинг барчасига ишонамиз. Уларни доим қўллаб-қувватлайман. Улар шу кунгача биз учун борини бериб келган футболчилар. Бундан кейин ҳам улар борини беради. Энди шундай бўлиши керак экан — бўлди.
- Биринчи таймдаёқ ўзгариш қилдингиз. Бу ўзгариш майдонда нималарни ўзгартириб юбориши керак эди?
- Биринчи таймдан кейин қанотларни кучайтириш мақсадида Алишер Одиловни чиқардик ва Йововични ҳужумчи ортига олиб ўтдик.
Шу орқали майдон марказида кескинликни оширишни мақсад қилгандик. Афсуски, яна бурчак зарбасидан гол бўлди. Кўриб турганингиздек, ундан кейин яна бурчак зарбасидан гол бўлди», - дея Исмоиловни сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.