«Манчестер Сити» АПЛнинг молиявий қоидаларини бузгани учун жиддий жазодан қочиб қолишга умид қилмоқда. Бу ҳақда FourFourTwo нашри хабар берди.
«Манчестер Сити» бўйича Manchester Evening News бош журналисти Саймон Байковски Talking City подкастида клубнинг позициясини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, «шаҳарликлар» барча айбловларни рад этиши шарт эмас, балки молиялаштириш схемаси қоидаларни бузмаганини исботлаши етарли.
«Бунгача клуб АПЛдаги молиявий қоидабузарликлар иши бўйича апелляция берган эди. «Манчестер Сити» инкор этиб бўлмайдиган далиллар ҳақида гапирар экан, бу пуллар клубдан ҳомийларга, кейин эса клуб бухгалтериясига қайтиб келмаганини кўрсатишни англатади. Улар Абу-Даби ҳукуматидан ҳомийларга борган, ҳомийлар эса кейин клубга тўловларни амалга оширган. Бу қоидаларга зид эмас», — дея Байковскининг сўзларини келтиради FourFourTwo.
Байковскининг таъкидлашича, жамоа вакиллари чиқарилган қарордан «ҳайратда қолган» ва апелляцияни кўриб чиқадиган уч нафардан иборат янги комиссия вазиятга бошқача баҳо беришидан умид қилмоқда.
Қолаверса, «шаҳарликлар» қарорни «ишончсиз» деб атаган. Бу билан жараённинг узоқ давом этаётгани ва гувоҳларнинг икки йил аввал берган кўрсатмалари ишончлилиги борасидаги саволларга ишора қилинган.
Маълумот ўрнида, ўтган ойда мустақил комиссия «Манчестер Сити»ни тўққиз мавсум давомида АПЛнинг молиявий қоидаларини бузиш билан боғлиқ 115 та айбловнинг 114 таси бўйича айбдор деб топганди. Клуб ушбу қарор устидан апелляция берди.