Англиялик собиқ ҳакам Майк Дин мамлакат чемпионати баҳсларида ишлаган вақтида баъзан имкон қадар узоқ вақт ҳуштак чалмасликка ёки майдон марказидаги доирада туриб, қарорлар чиқаришга ҳаракат қилганини айтди.
«Бизда шунчаки кулги учун шундай баҳслар бўларди. Ҳазиллашардик. «Қани, ҳуштак чалмасдан қанча вақт давом эта олишимизни кўрамиз», дердик. Мен АПЛда ҳам буни бир неча бор қилганман. Баъзида 20-25 дақиқа ҳуштак чалмаганман: «Ўйнанг, ўйнанг, ўйнанг», дердим.
Баъзан эса майдон марказидаги доирада имкон қадар узоқ турардим. Ёрдамчиларим: «Буни уддалай олмайсан», дейишарди. Мен эса: «Синаб кўраман», деб жавоб берардим. Бир баҳсда марказий доирадан чиқмасдан тахминан 15 дақиқа турганман», — деди Дин Жейми Вардининг Having a Party подкастида.
Диннинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар баҳсларда VAR тизимидан фойдаланиш бошланишидан олдин содир бўлган.
Дин 2021/22 йилги мавсумдан сўнг ҳакамлик фаолиятини якунлаган. 2023 йилда эса бош ҳакамнинг видеоассистентлиги вазифасини ҳам тўхтатган. У фаолияти давомида Англия чемпионатида 500 дан ортиқ баҳсда ишлаган.