Суперлигада 21-тур бошланмоқда. 3 кун давом этадиган 8 та жуфтлик борасида ким қандай фикрда?
Интрига албатта кучайиб боряпти. Фақат лигада қолиш учун кураш бундан мустасно. Чунки «Машъал» 4 очко билан ҳамон охирги ўринда ва ундан олдинда бораётган «Бунёдкор»дан 15 очкога ортда қоляпти. Шунга қарамай, пастдаги клублар иложи борича хавфли зонадан узоқлашишга ҳаракат қилишяпти. Совринли ўринлар учун кураш ҳам авжига чиқмоқда.
Мухлислар яхши биладиган футболчи Шохруз Норхонов 21-тур олдидан жамоаларнинг имкониятларини қуйидагича баҳолади.
9 сентябр
18:30. ОКМК – Пахтакор
- Менимча, «Пахтакор»га қийинроқ бўладию, аммо улар бу ўйинда ғолиб чиқишади, деб ўйлайман. Чунки «Пахтакор» яна чемпионлик пойгасига қайтди. «Нефтчи» билан ўртадаги очколар фарқи 2 тани ташқил қиляпти. Шунинг учун «Пахтакор» барибир ғалаба учун майдонга тушади. Бироқ унутмаслик керакки, ОКМК ҳам жиддий қаршилик кўрсатади.
19:00. Нефтчи – Сурхон
- Бу ерда фаворит «Нефтчи». Ўтган турда катта ҳисобга ютқазиб қўйиб, ўзига сабоқ олди. Навбатдаги учрашувда улар борини беришади. Негаки, «Пахтакор» фарғоналикларни изма-из қувлаб келяпти. Фаворит ҳисобланган «Нефтчи» бу баҳсда ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Аммо «Сурхон» ҳам муносиб қаршилик кўрсатса керак. Бу жамоани ҳам ўйини анча шаклланган ва яхши жамоа.
20:00. Насаф – Бунёдкор
- «Насаф» ўтган турда ажойиб ғалабани қўлга киритгани боис футболчиларида кайфият аъло даражада. Улар яна олдинга қараб интилишда давом этишади. «Бунёдкор»га қийин бўлади. Менимча, «Насаф» ўз майдонида ғалаба қозонади. «Бунёдкор» чемпионатда жон сақлаб қолиш учун охиригача курашади.
10 сентябр
19:00. Динамо – Қизилқум
- Бу ерда ҳам яхши ўйин бўлади. Биласиз, биринчи даврада «Қизилқум» ўз уйида мағлубиятга учраган. Шу сабабли навоийликлар сафарда жиддий қаршилик кўрсатади. «Динамо» меҳмонда Қўқонда дуранг ўйнаб қайтгани учун навбатдаги турда бор кучини ғалабага қозонишга қаратади. Фикримча, ушбу беллашувда дуранг натижа қайд этилса керак.
19:00. Андижон - Қўқон-1912
- Водий дербиси. Бу ўйин ҳам томошабоп, зўр ўтади. «Андижон» бу учрашувда фаворит. Ўтган турда улар сафарда «Пахтакор»дан мағлубиятга учрашди. Навбатдаги ўйин эса зўр ўтади. «Қўқон-1912» ҳам «Андижон» билан қанақа ўйнаш кераклигини билади. Барибир устунлик мезбонлар тарафида. Шу боис андижонликлар ғолиб чиқса керак. Аммо катта ҳисоб қайд этилмаса керак.
20:00. Хоразм – Сўғдиёна
- Бу тўқнашув ҳам ажойиб ўтади. «Сўғдиёна» фақат ғалаба қозоняпти. Мағлубиятсиз кетяпти. Бу яхши жамоа. Дориевни ҳеч ким тўхтата олмаяпти ва тўпурар бўлиб турибди. Жамоасини ортидан етаклаяпти. Шу боис ҳам бу учрашувда «Хоразм»га қийин бўлади. Менимча, «Сўғдиёна» кичик ҳисобда ғолиб бўлади.
11 сентябр
19:00. Локомотив – Машъал
- «Локомотив» бундан олдинги турда Наманганда дуранг ўйнади. Футболчиларини ишончи анча ортган. Биламанки, зўр жамоа ва таркибида тажрибали футболчилар йиғилган. Ўйлашимча, «Машъал»ни мотивацияси қолмади. Қаршилик кўрсатиши мумкин, лекин «Локомотив» ўз уйида ғалаба қозонади.
19:00. Бухоро – Навбахор
- Бу турнинг марказий ўйини бўлади. Учинчи ўринга курашаётган жамоалар ва ушбу ўринни керак бўлса ҳал қилиб берадиган тўқнашув. Менинг назаримда, дуранг бўлса керак. Аммо «Навбаҳор» ҳам ўзига келиб олган. «Бухоро» ҳам ўз майдонида ютқазмаяпти. Шуни ҳисобга олсак, ўйин «Бухоро»ни кичик устунлигида ўтиб, кичик ҳисобда ғалаба қозониши ҳам мумкин.
«Пахтакор» яна чемпионлик пойгасига қайтди, «Машъал»ни мотивацияси қолмади» — Шохруз Норхонов
Эксклюзив
9 сентябр, 03:48
Норхонов 21-тур олдидан жамоаларнинг имкониятларини қуйидагича баҳолади.
Фото: Қизилқум ПФК