Live
8
Ўзбек

Люпче Дориев: «Жамоадошларимсиз мен бу ерда ҳамма билган ўйинчи бўла олмасдим»

Эксклюзив
9 август, 10:27
Tribuna.uz журналисти Дориев билан суҳбатлашди.
Люпче Дориев: «Жамоадошларимсиз мен бу ерда ҳамма билган ўйинчи бўла олмасдим»
Фото: Сўғдиёна ПФК

Бугунги кунда Ўзбекистон Суперлигасида ўйнаётган легионерлар орасида энг зўри ким деб сўралса, барча иккиланмасдан Люпче Дориев деб жавоб беришга одатланиб қолди.

Македониялик бу йигит «Сўғдиёна»даги фаолияти давомида фақат мақтовлар қуршовида қолган. Бунга у ўзининг меҳнати, ўйинлари, голлари ва албатта натижалари билан сазовор бўлмоқда. Шу сабабли ҳам клуб у билан шартномани узайтириб келмоқда.

Аслида Дориевни ўз сафида кўришни истаётган етакчи клублар бисёр ва четдан ҳам доим таклифлар бўлади. Аммо у Жиззахда ўзини бахтли ҳис қилмоқда. Ҳозирда 16 та ўйинда 12 та голи билан Суперлигада яққол тўпурар бўлиб турибди. Tribuna.uz журналисти Дориев билан суҳбатлашди.

- Чемпионатда 12 та гол киритишга улгурдингиз ва тўпурарлар баҳсида якка пешқадамлик қиляпсиз. Энг яхши тўпурарлар пойгасида ғолиб чиқишингиз учун қанча гол уришингиз керак бўлади?

- Ҳар йили ўз олдимга қўядиган асосий мақсад энг яхши тўпурар бўлиш эмас. Мен учун янада муҳими ўтган йилгига нисбатан яхшироқ ўйин кўрсатиш. Агар ўтган мавсумда 16 та гол урган бўлсам, бу сафаргисида ундан битта кўпроқ гол уриш пайида бўламан. Биринчи навбатда ўзим билан ўзим рақобатлашишга, курашишга ҳаракат қиламан. Шундагина сен яхши ва зўрроқ бўлишинг мумкин.

- Яқинда «Сўғдиёна» билан шартномангизни узайтирдингиз. Агар хато қилмаётган бўлсам, Жиззахда 2023 йилдан бери ўйнаб келяпсиз. Бу ерда сизни нима ушлаб турибди?

- Бу ерда ўзимни топдим. Жиззах мен учун Македониядан сўнг худди иккинчи уйимдек бўлиб қолди. Одамлар мени ҳурмат қилишади, клуб президенти ва барча ходимлари ҳам. Шу сабабдан ҳар ўйинда яхшироқ таассурот қолдиришга ҳаракат қиляпман. Умид қиламанки, жамоа билан ҳеч бўлмаганда битта тарихий совринга эга чиқа оламиз.

- Кўпчилик сизни Ўзбекистон чемпионатидаги энг яхши легионер деб ҳисоблайди. Бундай фикрларга қўшиласизми?

- Бу борадаги қарашларга баҳо бериш менинг зиммамга кирмайди. Қолаверса, Ўзбекистонда аъло даражадаги футболчилар кўп. Энг зўри ким? Буни яхшиси футбол ишқибозлари ҳал қилишсин.

- Сиз каби футболчи Суперлигада соврин ютишга ҳақли. Албатта, «Сўғдиёна» билан бундай имкониятга эга бўлишга ҳаракат қиляпсиз. Балки чемпионатдаги совринлар учун курашишингизда етакчи клублардан бирига ўтишингиз керак эмасмикин?

- Айнан шунинг учун ҳам бу ерда яна 4 йил қолишга ҳаракат қилдим. Мен оптимистман ва ҳолатга реал кўз билан боқишга ҳаракат қиламан. Жамоа билан ҳеч бўлмаса битта соврин ютишни истайман. Бу ҳозирги кунда менинг энг асосий мақсадларимдан биридир.

- 14-рақам остида майдонга тушасиз. Бу сиз учун нимани англатади?

- Болаликлдаги севимли футболчим Терри Анри бўлган. Айнан шунинг учун ҳам 14-рақамни танлаганман.

- «Сўғдиёна»ни сизсиз тасаввур қилиш анча мураккаб. Бу ерда яна узоқ қолишни истайсизми?

- Ҳар қандай клуб исталган футболчисиз ҳам йўлида давом этиши мумкин. Жамоадошларимсиз мен бу ерда ҳамма билган ўйинчи бўла олмасдим. Ростини айтаман, «Сўғдиёна»да тўп суриш мен учун жуда ёқимли. Ўз навбатида шерикларим бу масалада менга ёрдам беришмоқда.

- Чемпионатда қайси ҳимоячилар сизга кўпроқ муаммолар туғдиради?

- Уххх...Ҳамма ҳимоячилар менга муаммолар туғдира олади. Лекин ҳар бирига қарши чора топиш ҳаракатида тўп сураман.

- Шимолий Македония миллий учун майдонга тушишда давом этяпсизми ёки…

- Ҳа, албатта. Бундан кейин ҳам шу руҳда терма жамоа учун ўйнашда давом этишни истайман.

- Сиз юртимиздаги фаолиятингиз давомида ОКМК дарвозасига кўпроқ гол ургансиз. Ўз статистикангизни кузатиб борасизми?

- Ҳа, албатта. Аммо бундай статистикани чемпионатдаги бошқа жамоаларга қарши учрашувларда ҳам яхшилашни истайман (кулади).

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Сўғдиёна Сўғдиёна
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

10+ изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар