«Арсенал» клуби яримҳимоячи Мартин Субименди билан хайрлашиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар берди.
Манбага кўра, «тўпчилар» таркибига Бруно Гимараэс қўшилганидан сўнг испаниялик 27 ёшли хавбекнинг асосий таркибдаги ўрни энди кафолатланган ҳисобланмаяпти. Шу сабабли лондонликлар футболчини 90 миллион евро атрофидаги таклиф тушган тақдирда сотишга қарши эмас.
Футболчи билан боғлиқ вазиятдан «Реал» клуби фойдаланишни режалаштирмоқда. Испания гранди футболчига бир йил аввал ҳам қизиқиш билдирган эди. Энди «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Родрини қўлга киритиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланганидан кейин «қаймоқранглилар» Субименди номзодига яна қайтиши мумкин.
Шунингдек, «Челси» ҳам Мартинни диққат билан кузатмоқда. Лондон клуби бош мураббийи Хаби Алонсо футболчининг имкониятларини яхши билади.
Маълумот учун, у ўтган мавсум давомида лондонликлар сафида 57 та учрашув ўтказиб, 6 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади