2025-йил 21-феврал куни Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда «Локомотив» ПФК ўртасида Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланган эди.
Мазкур келишув асосида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 2-сон спорт мактаби ҳудудида жойлашган табиий ва сунъий чимли футбол майдонлари бир йилдан ортиқ вақт давомида тўлиқ реконструкция қилинди.
25 август куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Спорт вазирлиги ва туман ҳокимлиги вакиллари, футбол мутасаддилари ҳамда клуб раҳбарияти иштирок этди. Тадбир доирасида анъанавий лента қирқиш маросими ҳам ўтказилди.
Маросимда «Локомотив» футбол мактаби тарбияланувчилари ва 2-сон спорт мактабининг ёш спортчилари кўргазмали чиқишлар намойиш этди.
Маълумот учун, ҳар икки майдон «Локомотив» ПФК бош ҳомийси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг молиявий кўмагида таъмирланди.

